10.06.2024 19:20
2329

Қуръондаги ғайбий хабарлар: Қадимги Миср ёзувлари ва Ҳомон (видео)

Ўқиш-ёзишни умуман билмайдиган одам ғайбга оид хабар айтса, тўғри чиқмаслиги аниқ. Ғайбни келажак ва ўтмишга ажратадиган бўлсак, келажакдан дарак бериши умуман имконсиз. Ўтмишдан гапиришига келсак,  айтаётгани ҳаммага маълуму машҳур ҳикоя бўлмаса, бу ҳам фақат ўқиш-ёзишни билиш ва тарихий асарларни ўрганиш орқалигина мумкин. Шундай экан, келажакдан дараклар етказаётган, бутунлай саводсиз бўлишига қарамай, ўтмишдан ҳам хабар бераётган ва айтганлари тўғри чиқаётган кишини кўрдингиз, дейлик. Бу зотнинг Аллоҳнинг пайғамбари ва бу хабарлар ёзилган китобнинг Аллоҳнинг Китоби эканига шубҳа қилиш ақлданми? Йўқ, асло! Зеро, ғайбни Аллоҳ таолодан ва У Зот ўргатган кишидан бошқаси билолмайди.


Қадимги Миср ёзувлари ва Ҳомон

«Фиръавн: “Эй одамлар! Мен сизлар учун ўзимдан бошқа (бирор) илоҳни билмасман. Бас, эй Ҳомон! Лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд бурж (минора) бино қил! Шоядки, мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман”, деди» (Қасас сураси, 38-оят).

Ҳомон исми, мазкур оятдаги билан бирга, Қуръонинг олти ўрнида келади. Қасас сурасининг 6 ва 8-оятларида, Анкабут сурасининг 39-оятида, Ғофир сурасининг 24 ва 36-оятларида Ҳомон исми зикр қилинади ва Фиръавннинг вазири эканлиги билдирилади.

Ҳомон ким? Унинг Фиръавнга алоқаси борми? Бу ҳақида тарих китобларида нима дейилади?

Қадимги Мисрда сўз ёзиш учун иероглифлардан фойдаланишган, хеттлар, маялар ва ацтеклар ҳам шундай ёзувни қўллашган. Иероглифлар расм ва шартли белгилардан иборат. Расмларга тегишли маъно беришга ҳаракат қилинган бўлишига қарамай бу ёзув тури жуда мураккаб.

Рим империясининг ишғоли асносида Миср тарихи ва тили бутунлай ўзгарди. Насронийликни расмий дин сифатида қабул қилган Рим ўзи бутпараст деб ўйлайдиган Қадимги Мисрнинг эътиқодига қарши қаттиқ чекловлар қўйди. Ибодатхоналари вайрон қилинди, битиклари ўчирилди, иероглифлар тақиқланди. 300-йиллардан сўнг бу ёзув унутилди, ер юзида уни ўқий оладиган бирор кимса қолмади. Ўн саккизинчи асргача шундай давом этди. Миср папируслари ва битикларидаги ёзувларда нималар акс этгани номаълумлигича қолаверди. Ҳолат 1799 йилда Мисрни қўлга киритган француз армиясидаги аскарнинг ҳандақ қазиётиб, Розетта тоши деб номланадиган битикни топиб олиши билан ўзгарди. Топилмани бошқаларидан ажратиб турадиган хусусусияти ҳам иероглиф, ҳам демотик (иероглифнинг қўлёзма шакли), ҳам юнонча ёзилганида эди. Юнончани ўқиш мумкин бўлгани учун, унга асосланиб француз олими Жан Франсуа Шампольон иероглифлар мазмунини аниқлади. Шу тарзда Қадимги Миср ва Фиръавн ҳақида кўплаб маълумотлар ўртага чиқди. Мавзумизга оид муҳим жиҳати, битикларда ҳақиқатан ҳам “Ҳомон” исми борлиги аён бўлди. Венадаги Ҳоф музейида сақланаётган экспонатда ҳам мазкур исм мавжуд ва у Фиръавннинг яқин кишиларидан экани таъкидланган. Бу ҳақида Қадимги Миср маданияти ва тарихини тадқиқ этган, ёзганлари Атласнинг шоҳ асари сифатида қабул қилинган олмон олими Волтер Врезински хабар берган.

Яна бир мисршунос Ҳерман Ранке бутун бу битикларга асосланиб ёзган “Янги қироллик кишилари” луғатида Ҳомонни “Тош қазувчи ишчиларнинг устидан назоратчи” деб атайди.

Дарҳақиқат, Ҳомон, Қуръонда айтилганидек, ҳазрат Мусо даврида Мисрда яшаган. Оятларда келтирилгани каби, Фиръавнга жуда яқин бўлиб, иншоот ишларини бошқарган. Фиръавннинг минора қуришни Ҳомонга буюргани ҳақида хабар бергувчи оят мазкур археологик топилмага ғоят уйғундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саводсиз эдилар, на ўқиш ва на ёзишни билардилар. Қуръонда эса Қадимги Мисрда яшаган, Фиръавнга вазирлик қилган киши исми билан зикр этилмоқда ва  бу 200 йил олдин топилган тарихий маълумотлар билан бир хил. Мозий саҳифалари ҳам бизга Ҳомон деган одамнинг Фиръавнга замондошлигини ва унинг вазири сифатида қурилиш ишлари билан шуғулланганини билдирмоқда.

Қуръон нозил қилинган даврда қўлга киритилиши мумкин бўлмаган бу хабардан мўъжизавий тарзда сўз юритилиши ва мазкур маълумотнинг Қадимги Миср ёзувларида акс этишини нима деб изоҳлаш мумкин? Бунинг ягона изоҳи шуки, Қуръони карим ғайбни энг яхши билган Зот – Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китобдир!

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.