“Цивилизациялар тўқнашуви”, “Ислом ва Ғарб” сароблари (видео)
Бундан 31 йил муқаддам “Ташқи ишлар” журнали ўз даврининг энг нуфузли рисоласини нашр этди: Самуел Хантингтоннинг "Цивилизациялар тўқнашуви". Мазкур рисола дунёни шакллантиришда ва янги урушлар қўзғашда кучли туртки воситаси бўлиб хизмат қилди.
Орадан шунча вақт ўтганига, даврлар алмашинуви ҳамда воқелик ўзгарганига қарамасдан, бугунги кунда ҳам ўқувчилар асарни аввалгидек зўр қизиқиш ва иштиёқ билан мутолаа қилишмоқда. Аммо қандай қилиб? Асар кенг қамровли академик доиралар томонидан мутлақо аҳамиятсиз ва асоссиз, деб топилган. Мазкур мақолада ушбу китоб ва ундаги машҳур “Ислом ва Ғарб” қарама-қаршилиги ҳақида таҳлилий ва танқидий фикрлар ҳамда маълумотларни баён қиламиз.
Қуйида Хантингтоннинг ўз назариясини асослаган гипотеза:
"Менинг илмий фаразимга кўра, янги дунёда можароларнинг асосий манбаи биринчи навбатда ақлий ёхуд иқтисодий бўлмайди. Инсоният ўртасидаги катта тафовут ва можароларнинг ҳукмрон манбаи маданият бўлади. Миллий давлатлар жаҳон муносабатларидаги энг кучли иштирокчилар бўлиб қоладилар, айни пайтда, глобал сиёсатнинг асосий тўқнашувлари турли цивилизацияларга мансуб халқлар ва гуруҳлар ўртасида содир бўлади. Цивилизациялар тўқнашуви глобал сиёсатда ҳукмронлик қилади. Цивилизациялар ўртасидаги ёриқлар келажакдаги жанглар нуқтаси бўлиб хизмат қилади".
Ислом ва Ғарб
Мустамлакачилик давридан бошлаб “Ислом ва Ғарб табиий, ички қарама қаршиликка эга, Ғарб юксак, маданиятли, ривожланган минтақа, Ислом эса қолоқ, ривожланишдан ортда қолган, маданий ислоҳга муҳтож”, деган янглиш тушунча ва фаразлар шаклланган эди. Самуел Хантингтоннинг мазкур тезиси ёзилиши билан бу тафаккур шакли яна ҳам ривожланди. Бу қарашларнинг замири шундан иборат эдики, Ислом дини бу икки уфқнинг қуйи поғонасида жойлашган, маданиятдан йироқ, шу боис христианлар томонидан бошқарилишга маҳкум бўлаги.
Шу ўринда биз бу "иккилик"ни асосли далиллар билан инкор этишимиз лозим. Шунчаки оддий факт шуки, биз бу “иккилик”дан ўтиб кетдик. Ҳозирги кунда империялар ҳолати икки қутбли эмас, балки шаклсиздир. Энди “Ислом” ва “Ғарб” эгизак душманлари намойиш этилган ғоялар бозорига тез назар ташласак. Сўнгги чорак аср давомида Френцис Фукуяманинг “Тарихнинг ниҳояси ва сўнгги одам” (1993) дан Самуел Хантингтоннинг “Цивилизациялар тўқнашуви ва жаҳон тартибининг тикланиши” (1998) ва Бернард Люиснинг “Қандай хатога йўл қўйилди” асаригача бўлган бестселлер китоблар ортидан, “Ислом” ва “Ғарб” ўртасидаги фаразий цивилизациявий қарама-қаршилик кучайиб, даҳшатли нисбатларга эга бўлди.
Бу каби жуда машҳур китоблар орасида энг ҳушёри ва мўътадили бўлган исломий оқимларнинг пайдо бўлишига бағишланган “Жиҳод: Сиёсий Исломнинг изи” (2002) жилдли китобида француз сиёсатшуноси Гил Кепел ҳам мазкур далилга қўшилган ва (мустамлакачилик ва императорлик шароитларини ҳисобга олмаганда) “Ислом” ва “Ғарб” ўртасидаги тўқнашувнинг белгиси ўлароқ кўпчилик мусулмонлар яшайдиган дунёнинг аксарият қисмидаги жангарилар исёнлари ҳақида батафсил маълумот беради. Мазкур тафаккур шакли бошқаларига нисбатан кенгроқ қўлланилди, суиистеъмол қилинди. “Ислом”нинг “замонавийлик”га ва демак “Ғарб”га экзистенциал мухолифатда эканлиги ўзига хос нафрат шаклига айланди.
Ушбу ўта нуфузли ва машҳур бестселлерлар туркумида Ислом биринчи навбатда “Ғарб” нинг биқинида жойлашган, сиёсий наслига ташхис қўйилганда, унда аниқланган жиддий касаллик деб кўрилади. Европа ва Қўшма Штатлардаги кенг кўламли тафаккурни акс эттирувчи Гиллес Кепелнинг фикрича, бу исломий ҳаракатларнинг асосий мақсади “фақат Қуръоннинг қатъий талқинига асосланган глобал ислом давлатини” барпо этишдир. Бундай таҳлилга кўра, Ғарб асрлар давомида тинчгина ўзининг иши билан шуғулланиб келаётган, бехосдан ёвуз Ислом унга ўзининг нишини санчиб олган бегуноҳ томошабиндир. Бу каби далиллар бутунлай хато. “Ислом ва Ғарб” иккилик эмас, балки бирини биридан ажратиб бўлмайдиган бирликдир. Улар эскириб қолган танганинг икки томони сифатида биргаликда кўриб чиқилиши керак.
Бундай муаллифлар ҳар қандай жамият, маданият ва тарихнинг исталган бир нуқтасида кучлар доирасининг ўсиши натижасида оғир тус олган ижтимоий вабонинг симптомларидир. Шу боис ҳам бу каби фигураларга очиқ кўз билан, синчиклаб назар солиш, уларнинг ёзиқларини батафсил кўриб чиқиш ва ўрганиш лозим. Вабонинг сурункали эканини бир вақтлар машҳур муаллиф ва олим Эдвард Саид ўзининг буюк “Ориентализм” асарида яхши очиб берган ва диагноз қилган эди. Унинг келган хулосасига кўра, бундай шахслар мустамлакачилик марказидаги шунчаки сиёсий манфаатларнинг ўйинчоқлари бўлиб, ўзлари осонгина бошқарадиган “Шарқ”ни ишлаб чиқишда фойдаланилган. Аммо касаллик бундан-да жиддийроқ.
Хантингтон ўзининг “муқаддас” тасвирида Қўшма штатларни қамалдаги маърифатпарвар разведка сифатида, дунёнинг қолган қисмини эса шайтоний ақидапарастлик ўз исканжасига олишини тасвирлайди. Унинг фикрича, “Ғарб”га Осиё ва Ислом биргаликда таҳдид солмоқда, Осиёнинг таҳдиди стратегик ва иқтисодий бўлса, Исломники маданийдир. Хантингтон Европанинг Шарқдаги мустамлакачилик тарихида мавжуд бўлмаган асоссиз маълумотлардан фойдаланиб, 1993 йилда ёзган диссертациясини кейинчалик кенгайтириб, катта китобга айлантиради. Бироқ бу китобда асос қилиб олинган масалалар анча эски эди.
Дарҳақиқат, дастлабки сигнал Аллан Блумнинг машҳур “Америка онгининг ёпилиши: Қандай қилиб Олий таълим демократияни қулатди ва бугунги талабаларни маънавий қашшоқ қилиб қўйди?” китобида янграган эди. Бу китоб кенг ўқувчилар оммаси ичида шов шув бўлди. Тез орада уни кенг жамоатчилик ўқий бошлади ва шу орқали ўзининг қанчалик жоҳил ва билимсиз бўлиб қолгани, Ғарбнинг дурдона мумтоз асарлари энди муносиб ҳурмат ва қадр-қиммат билан ўқилмаслиги ҳақида билиб олди. Шундан сўнг айни шу мавзуларга дахлдор бир қатор асарлар дунё юзини кўрди. Бундан олинган хулоса шу бўлдики, Ғарб цивилизацияси янги хавф ва инқироз ёқасида эди. Бу энди аввалги салибчилар юришларига туртки бўлган ички диний ғайрат ва интилиш - муқаддас заминни "Муҳаммадийлар" қўлидан тортиб олиш истагини келтириб чиқарди. Шу тариқа Ислом ва Ғарбнинг ўзаро тўлиқ конфликтда бўлган икки эгизак миноралари барпо этилди.
Хантингтон назарияси хато эканлигига далиллар
Хантингтон назариясининг энг таъсирчан қисми Ислом билан боғлиқ эди. Хантингтоннинг илгари суришича, Совет Иттифоқи ва Ғарб ўртасидаги Совуқ уруш тугаши билан, икки ўзаро адоватли душманлар: Ғарб ва Ислом ўртасида янги тўқнашув юзага келади. Хантингтон мафкура эмас, балки кимликни замонавий сиёсат юраги деб таъкидлайди. Хантингтон назарияси нашриёт саноатини гуллаб-яшнатди: минглаб, милёнлаб китоб гўёки исломга қарши урушга чақириғи бўлиб хизмат қилмоқда.
Хантингтон ўзининг назариясини ишлаб чиқишда 1990 йилда “Цивилизациялар тўқнашуви” иборасини ўйлаб топган машҳур шарқшунос тарихчи Бернард Люиснинг асарига таянган:
“Биз муаммо ва сиёсатлар ва уларни олиб бораётган ҳукуматлар даражасидан анча юқори бўлган режим ва ҳаракатга рўбарў келяпмиз. Бу ҳақиқий цивилизациялар тўқнашуви - қадимги рақибнинг бизнинг Яҳудий-христиан меросимиз, бугунги секуляр давримиз ва иккаласининг ҳам дунё миқёсида кенгайишига қарши, эҳтимол мантиқсиз, аммо, албатта, тарихий муносабатдир”.
Хантингтон сингари, Люис ҳам партизан эди. Эрон инқилоби ва Теҳрон кўчаларида ғазаб намойишлари ортидан ёзаркан Люис шармсиз иш қилди. У деярли икки миллиард мусулмоннинг ҳаммаси бир хи л фикрда ва уларнинг кўзлари Ғарбга бўлган нафратдан бошқа нарсани кўрмайди, қабилидаги фикрларни илгари сурди.
11 сентябрь воқеасининг ўрни
Хўш, Хантингтонг ва Люснинг башоратлари ўз исботини топдими? Мусулмонлар чиндан ҳам Америкалик анави икки доно муаллиф башорат қилганидек, ғарб билан омматан урушдами? Фақат Хантингтон эмас, балки бошқа кўплаб одамлар ишонганидек, ростан ҳам Цивилизациялар тўқнашуви мавжудми?
Шубҳа йўқки, ал-Қоида АҚШга қақшатқич зарба берган 11 сентябрь воқеаси Хантингтоннинг аянчли таҳлилига жуда катта далил тақдим қилди. Кейинги йилларда Ғарбнинг мусулмон мамлакатларига уюштирган ҳужумлари тўлқини, Лондон, Париж ва бошқа Ғарб шаҳарларида содир этилган ҳалокатли терактлар билан бир қаторда уни янада кенгайтиргандек бўлди.
АҚШ президенти Жо Байдендан тортиб, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуга, ундан Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тереза Мейгача бўлган барча таниқли сиёсатчилар цивилизациялар тўқнашуви тилида сўзлашиб келишади.
Гарчи 11 сентябрь воқеалари Хантингтоннинг башоратини амалга оширгандек кўринган бўлса-да, аслида бу амалга ошмади. Ҳақиқий тўқнашув АҚШ ва Ислом ўртасида эмас, АҚШ ва Ал-Қоида ёки “Исломий Давлат” (ИД) ўртасида эди.
ИШИД ва Ал-Қоида сабаб эмас
Биз шу пайтгача дунёнинг 50 та мусулмон давлатларидан бирортаси ҳам АҚШга қарши уруш эълон қилганини, қандайдир Ислом давлатлари коалицияси тузилганини кўрмаганмиз. Шунга ўхшаган коалиция 2017 йилда пайдо бўлганида, у Саудия Арабистони бошчилигида, АҚШ ҳомийлигида ташкил қилинган эди.
Бугунги кунда террор ҳодисаси қанчалик зулмкор ва кенг миқёсли бўлишидан қатъи назар, ИШИД ва Ал-Қоида каби гуруҳлар Исломнинг чеккасида қолиб кетмоқда. Йирик исломий кучлар халқаро муносабатларни амалга оширишда реализмга эргашадилар, ягона исломий гуруҳ – Ислом ҳамкорлик ташкилоти эса қуруқ риторика форумидан бошқа нарса эмас.
Туркия Россия ва АҚШ ўртасида тебраниб туради, унинг қуролли кучлари НАТОдаги иккинчи энг йирик куч ҳисобланади. Исломий оҳангларга қарамай, Эрон сиёсати миллатчиликка асосланган. Гарчи унинг АҚШ билан тўқнашуви кучайиб бораётган бўлса-да, Эроннинг бугунги кундаги энг катта кураши геосиёсий (яъни Саудия Арабистонига қарши), Европа (яъни "Ғарбнинг" иккинчи ярми) эса Теҳрон билан муносабатларни яхшилашга интилмоқда.
Саудия Арабистони режими ваҳҳобийликка таянган бўлса ҳам, Американинг минтақадаги энг содиқ иттифоқчиси бўлиб қолмоқда. Туркия, Эрон ва Қатар каби бошқа исломий кучлар эса унинг асосий душманларидир.
Дин сиёсати
Араб дунёсидаги кўплаб ишончли таҳлилчилар Ироққа бостириб кирган ва барча давлат институтларини йўқ қилган ИШИД каби террор гуруҳларининг мавжудлиги тақозо этадиган шароитларга АҚШни асосий жавобгар деб ҳисоблайди.
Энг муҳими эса, Хантингтон дин – урушда ҳал қилувчи омил, деганда адашган эди. Дин сиёсати, албатта, восита, мақсад эмас. Аммо Хантингтон дунёни шакллантиришда жиддий аҳамият касб этди. Унинг цивилизациялашган дунё “радикал ислом”га қарши курашаётгани ҳақидаги тезиси Ғарб ҳарбий-саноат мажмуасини коммунизм ўрнига янги глобал, тизимли, кўп миллатли душман билан таъминлаб берди.
Сурияда Хантингтоннинг назариялари барбод бўлди. Етти йилдан ортиқ давом этган тўқнашувлар давомида пайдо бўлган иттифоқлар тармоғи унинг цивилизациявий моделини инкор этиб, маданий эмас, балки геосиёсий ва иқтисодий манфаатларнинг устувор эканини урғулади. Ғарб (АҚШ ва Европа) дунёвий режим бўлган Сурия ҳукуматига қарши исломий кучлар билан коалиция тузди. АҚШ, Буюк Британия ва Франция исломий деб ҳисобланиши мумкин бўлган гуруҳларни бевосита қурол-яроғ билан таъминлади ва очиқ радикал гуруҳлар, жумладан, ИШИД ва Ал-Қоидани қуроллантирган иттифоқчиларига кўз юмди.
АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден 2014 йилда Гарвард университетида қилган нутқида бу вазиятни шундай таърифлаган эди: “Минтақадаги иттифоқчиларимиз Суриядаги энг катта муаммомиз эди... Улар нима қилишди? Улар Сурия президенти Башар ал-Асадни йиқитишга қаттиқ интилишди ва аслида сунний-шиа прокси урушини келтириб чиқаришди.. Улар Асадга қарши жанг қиладиган ҳар бир кишига юзлаб миллион доллар ва ўнлаб тонна қурол-аслаҳа беришди, таъминот етказилмаган ал-Нусра, ал-Қоида ва дунёнинг бошқа бурчакларидан келган жиҳодчиларнинг экстремистик унсурлари бундан мустасно, албатта”.
Тарғибот ҳаракатлари
Шу пайтга қадар Сурия жанубида Исроил Сурия исёнчиларини Голан тепаликларида озод этиш чизиғи бўйлаб қўллаб-қувватлаётгани ва бу исёнчиларнинг салмоқли қисми исломчилар, жумладан, илгари Сурияда Ал-Қоида бўлими бўлган ал-Нусра фронти номи билан танилган гуруҳ экани ҳам сир эмас.
Бундан ташқари, Сурияда АҚШ дунёвий бўлса ҳам, асосан мусулмонлардан иборат бошқа бир гуруҳ: курдлар билан қизғин ҳамкорлик қилмоқда. АҚШ ўзининг Сурия сиёсатини Саудия Арабистони, Иордания ва Миср билан, курдлар масаласи алангаланмасидан олдин эса Туркия билан яқиндан мувофиқлаштириб келарди.
Шу сабабли ҳам Суриядаги можарони цивилизациялар тўқнашуви дейиш ноўрин. Ҳақиқатда эса, сунний мусулмонлар ИШИДнинг асосий нишони ҳисобланади, ИШИД уларнинг аксариятини қайта туғилган халифалик сафига қўшилмагани учун муртад деб атайди. Ўзининг барча тарғибот ҳаракатларига, минглаб қочқин ёшларни ўзига жалб қилганига қарамай, ИШИД ҳамон чекка гуруҳ бўлиб қолмоқда ва шундай бўлиб қолаверади. Шуни унутмаслигимиз керакки, бугунги кунда дунёда 2 миллиардга яқин мусулмонлар бор, уларнинг аксарияти оддий ҳаёт кечирмоқда.
Хантингтон тарафдорлари Сурия уруши ислом цивилизацияси ичидаги цивилизациялараро уруш деб таъкидлашлари мумкин. Ушбу таҳлил ҳам мутлақо хато. Тўғри, мусулмон олами 1924-йилда халифалик расман тугатилганидан бери ўзини қайта белгилаш учун кураш олиб бормоқда, бироқ Суриядаги кураш, гарчи бошқача ва ғалатироқ кўринса-да, асосан манфаатлар тўқнашувидан иборат.
Ҳукмронлик учун кураш
Эрон Сурия ва Ямандаги шиа жангариларини қўллаб-қувватлайди, айни чоғда сунний Ҳамас ва Ғазодаги Исломий жиҳоднинг ҳам фаол тарафдори. Эрон шиа давлати бўлса ҳам, Ироқдаги баъзи шиа етакчилари Эрон таъсирини мувозанатлаш учун Саудия Арабистони билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини кўришимиз мумкин.
Саудия Арабистони, шу билан бирга, ўнг қанот насроний партияси - 1970 ва 80-йилларда Ливандаги фуқаролар уруши йилларида минглаб мусулмонларни қирғин қилган Ливан кучларини ҳам фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда, чунки у Саудиянинг Ливандаги сиёсати билан мутлақо мутаносибдир. Саудия-Эрон тўқнашуви цивилизациялараро уруш эмас, балки минтақада ҳукмронлик ўрнатиш йўлидаги геосиёсий курашдир.
Юқорида айтиб ўтилган иттифоқлар ва тўқнашувлар Хантингтон цивилизация моделига нисбатан парадоксал кўринади, аммо реал сиёсий кучлар мувозанати нуқтаи назаридан қаралганда мутлақо асосли.
“Цивилизациялар тўқнашуви” назарияси пайдо бўлганидан шунча йил ўтиб ҳам унинг тушунтириш кучи ҳамон шубҳали. Хантингтоннинг “башорати” 11 сентябрь воқеалари билан маълум даражада оқланган бўлса ҳам, халқаро муносабатлар ва сиёсатнинг ҳар бир зийрак кузатувчиси уни осонгина инкор этиши мумкин.