Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Эмомали Раҳмон тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, шунингдек, Тожикистон Парламенти қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашувлар ўтказди. Ташрифнинг қисқача тафсилоти.

18 апрель

Тожикистонга давлат ташрифи билан келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни пойтахт аэропортида президент Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди ва икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди. Ўзбекистон президентини кутиб олишда Тожикистон ёшлари ва ижодий жамоалари вакиллари ҳам қатнашди.

Душанбедаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлди.

Маросимдан сўнг ушбу қароргоҳда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқладилар.

Музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирилди.

Музокараларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Умуман, ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи 28 та ҳужжат, жумладан:

– Саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Саноат мулкини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўғрисида битим;

– давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари, халқаро автомобиль ва авиация қатновлари тўғрисидаги битимларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённомалар;

– Ветеринария ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– маданият ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик, агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харита”лари;

– Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Сўғд вилояти, Қашқадарё вилояти ва Хатлон вилояти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар ва 2024-2026 йилларга мўлжалланган “йўл харита”лари ҳамда бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.

- Яна бир бор таъкидлайман, Тожикистон Ўзбекистон учун энг яқин, ишончли, асрлар билан синалган стратегик шерикдир. Биродар ўзбек ва тожик халқлари кўп асрлик дўстлик ришталари билан чамбарчас боғланган. Бизни умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентларнинг фармонлари билан юксак фахрий унвонларга сазовор бўлган икки мамлакат маданият ва санъат арбобларидан бир гуруҳини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тожикистон миллий консерваторияси ректори Мирали Дўстизода, Тожикистон миллий консерваторияси доценти Исмоил Назриев, Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Телевидение ва радио қўмитасининг Ф.Шахобов номидаги "Шошмақом" ансамбли раҳбари Фурқат Саидзода, Бобожон Ғафуров тумани шошмақом ансамбли раҳбари Тўлқин Тожибоев, А.Жўраев номидаги Тожикистон давлат филармонияси "Фалак" ансамбли бадиий раҳбари Раҳматулло Ҳошимов "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти" фахрий унвонига сазовор бўлди.

Ўзбекистон миллий мусиқа санъати институти «Мақом хонандалиги» кафедраси профессори Муножатхон Йўлчиева, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон давлат филармонияси "Лазги" ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Оғабек Собиров ва хонанда Юлдуз Усмановага "Тожикистон халқ ҳофизи" фахрий унвони, Ўзбекистон миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиевга "Тожикистон халқ артисти" фахрий унвони берилди.

Давлат раҳбарлари фахрий унвонлар нишонларини ўз соҳибларига тантанали равишда топширдилар.

Душанбе шаҳридаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида “Дўстлик оқшоми” бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон концертни биргаликда томоша қилдилар.

19 апрель

Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни Тожикистон Олий Мажлиси Намояндагон мажлиси раиси Маҳмадтоир Зокирзода билан учрашув ўтказди.

Парламентлараро алмашинувни янада фаоллаштириш, кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш учун соҳавий қўмиталар ва ҳудудий кенгашлар даражасида самарали алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қабул қилинган ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ҳамда олий даражадаги келишувларнинг ўз вақтида рўёбга чиқарилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда икки мамлакат депутатларининг муҳим роли қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Душанбеда Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.

Учрашувда эришилган барча келишувлар икки мамлакат ҳукуматлари томонидан сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш учун “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва бош вазирларнинг учрашувларини тизимли равишда ташкил этиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Душанбе шаҳрида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Президентлар элчихона биносида дипломатлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Икки давлат президентлари Душанбе шаҳридаги EXPO марказидаги Ўзбекистон товарлари ва маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюрди.

Тожикистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасида 200 та ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси машинасозлик, кимё, енгил, тўқимачилик, фармацевтика саноатига оид 1500 дан ортиқ маҳсулот намуналарини, шунингдек, қурилиш материаллари, парфюмерия, уй-рўзғор буюмлари, 60 турдаги ускуналар, матбаа ва маиший электроника маҳсулотларини намойиш этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди.

Душанбе халқаро аэропортида давлат раҳбарини президент Эмомали Раҳмон кузатиб қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми охирги йилларда 40 баробар ўсди.

Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди. Айни пайтда икки давлат ҳудудида 400 дан зиёд ўзбек-тожик қўшма корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 2 миллиард долларга етказилади.

“Ойбек-Фотехобод” чегараолди эркин савдо зонаси ва “Андархон” савдо-логистика маркази ташкил этилади.

Икки давлат шаҳарлари ўртасида янги авиақатновлар очилади, пойтахтлар ўртасидаги парвозлар сони оширилади.

Мавзуга алоқадор