Сурия, Ироқ ва бошқа мамлакатларда қўпорувчи ташкилотларга аъзо бўлган ўзбек (тожик ва уйғурлар ҳам) жиҳодчиларининг бошқа миллат вакилларидан асосий фарқини биласизми? Улар на пул, на бошқа дунёвий манфаатлар учун жанг қилишади. Улар кўр-кўрона шаҳид бўламан, деб урушга киришади (жиҳод, шаҳидлик нима деган саволга жавоб бера олишмаса ҳам).


Улар на ўлимдан қўрқишади, на хизматлари учун пул ёки бошқа моддий нарсаларни талаб қилишади. Уларни тузоғига илинтирган қўпорувчи ташкилот ва хорижий давлатлар махсус хизматлари (террористик ташкилотларнинг мақсади дин ёки охират эмас, балки сиёсий ва иқтисодий манфаатларга эришиш эканлиги; асосий қўпорувчилик ҳаракатларини эса махсус хизматлар уюштириши ҳеч кимга сир эмас) учун эса ўзбек, тожик ва уйғурлар ҳар қандай бош оғриқлари ва жавобгарликлардан ҳоли тайёр “гладиаторлар” ҳисобланишади.


Уларга ойлик ёки бошқа харажатларни тўлаш шарт эмас. Озиқ-овқати, кийим-бош, қурол-аслаҳалар билан таъминласа бас, “Аллоҳу акбар” дея ўзларини олов ичига ташлайверишади.


Бундай ёлланма аскарлар учун ҳеч қандай жавобгарлик, жиноий оқибатлар ҳам мавжуд эмас. Яъни, дейлик, қайсидир давлатнинг Сурия ҳудудидаги геосиёсий мақсадлари учун ўзбеклар ўз миллати ва ватани томонидан воз кечилган, ортига қайтиш имкони бўлмаган беватан ва соҳибсиз одамлар бўлиб, улар орқали ўзларининг ҳар қандай манфур мақсадлари, инсониятга қарши жиноятларини амалга оширишлари мумкин, бироқ бунинг учун ҳеч қандай жавобгарлик йўқ: бу давлатларни ҳеч ким уруш жиноятлари, босқинчилик ва интервенцияда айблолмайди, исботлай ҳам олмайди. Ундан ташқари, ҳеч ким, на қўпорувчининг оиласи, на қурбон томон товон пули талаб қилолмайди. 


Хўш, нега айнан ўзбек, тожик ёки уйғур? Чунки бу миллатлар, биринчидан, динга ўта мойил, иккинчидан, ўз юртларида динга қарши қаттиқ кураш мавжуд. Кучли босимлар, чекловлар, тақиблар ва қатағонлар шароитида диний эҳтиёжлари қондирилмаган, элементар диний билимлар берилмаган ёш-ёш йигитлар интернет ёки ташқи миграция натижасида умрида кўрмаган диний ва эътиқодий “озодлик”ка чиққач, осонгина террористик ташкилот ва махсус хизматлар тузоғига тушмоқда.


“Крокус” воқеалари ва Ғазодаги уруш фонида айнан Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига нисбатан Ғарб ва бошқа мамлакатларда салбий қараш, ишончсизлик ва хавфсираш янада кучайди. Аксига олиб, МО давлатлари ҳукуматлари ўз ҳудудида Исломга ва мусулмонларга қарши чекловчи характердаги янги чоралари билан дунёга “Биз динга, радикализмга қарши курашямиз”, деган сигнал тарқатишни бошлади.


Бу сигналлар аслида соғлом ақл томонидан ушбу мамлакат фуқаролари янада радикаллашади, янада хавфли террористларга айланади, деган хулосани келтириб чиқаради. Чунки физика қонунларига кўра, бир муҳитда босим қанча ортса, портлаш хавфи шунча кучаяди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, катта эҳтимол билан яқин орада Ғарб давлатларида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан янги чекловлар жорий этилиб, кузатувлар янада кучайтирилса керак.


Аҳолининг диний эҳтиёжларини қондириш, бир вақтнинг ўзида радикаллашув, бағрикенглик, плюрализм ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳам диний, ҳам дунёвий таълим-тарбия уйғунлаштирилган тизимни яратиш мақсадга мувофиқ. Зеро, аҳолида эҳтиёж бор экан, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам бу бўшлиқ тўлдирилади, чекловлар ва жазолар эса норозилик, тажовузкорлик, жамиятнинг бўлиниши каби тескари натижаларни юзага келтириши мумкин.


Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ва мамлакатнинг дунё бўйича имиджи янада ёмонлашмаслиги учун Марказий Осиё давлатлари ва ҳукуматлари, айниқса, ёш авлоднинг қондан-қонга ўтиб келаётган диний эҳтиёжларини диннинг ҳақиқий билимдонлари, соҳа мутахассилари орқали қондириш йўлларини кескин кўпайтириши лозим. Жумладан, бу борадаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва тузатишлар киритиш орқали давлат таълим муассасаларида мамлакатда рўйхатдан ўтган диний конфессиалар турига мувофиқ модулларга эга бўлган “Диний маданият ва дунёвий этика асослари” курсларини киритиш стандартларини ишлаб чиқиш лозим. Ўқувчи ота-онасининг танлови асосида юқоридаги модуллардан бири бўйича дарс олади. Дарслар диний ташкилотлар ходимлари эмас, мактабнинг қайта тайёрланган педагоглари томонидан ўтилиши мақсадга мувофиқ.


Шуни унутмаслик керакки, диний таълимнинг кенг ёйилиши, кўпчилик қўрққанидек, жамиятда радикаллашувга сабаб бўлмайди. Мутлақо акси – диний тушунчаси кенгайган инсон оқни қорадан, тўғрини ёлғондан ажрата олади, турли бузғунчи кучлар қўлида қўғирчоққа айланмайди. Бордию шунда ҳам нотўғри йўлларга тушиб, шу йўлидан қайтмайдиганлар учраса, уларни тийиб қўйиш қийин бўлмайди. Чунки энди уларга қарши фақат давлатнинг махсус ташкилотлари эмас, балки онгли жамият ҳам курашади.


Мавзуга алоқадор