04.01.2025 14:42
Қозоғистонда иккинчи ва учинчи АЭС ҳам қурилиши мумкин
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда иккинчи ва учинчи атом электр станциялари қурилишини мумкин деб ҳисобламоқда. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон атом энергетикасини ривожлантириб, энергия тақчиллигини бартараф этиш орқали иқтисодий ўсишга эришишни мақсад қилмоқда.
«Қозоғистон юқори қувватли атом станциясига муҳтож. Яқин келажакда иккинчи ва учинчи АЭС қурилиши мумкин. Атом энергетикасининг келажаги порлоқ», — деди Тоқаев Ana tili газетасига берган интервьюсида.
Октябр ойида мамлакатда АЭС қурилиши бўйича ўтказилган референдумда сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи бу ғояни қўллаб-қувватлаган. Шу муносабат билан ҳукумат бешта давлатни ўз ичига олган халқаро консорциум яратиш ниятида эканини билдирган.
Президентнинг айтишича, лойиҳа бўйича компаниялар ўртасида танлов ўтказилиб, якуний қарор қабул қилинади. Бу борада Россия президенти Владимир Путин билан муҳокамалар ўтказилган. «Росатом» компаниясининг эҳтимолий иштирокидаги ҳамкорлик билан бир қаторда, Хитой ва Ғарб корпорациялари ҳам лойиҳага қизиқиш билдирган.
Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, Қозоғистонда электр энергиясининг 66 фоизи кўмир заводларида ишлаб чиқарилади. 2035 йилга келиб энергия истеъмоли 152,4 миллиард кВт/соатгача ошиши кутилмоқда, аммо мавжуд қувватлар талабга жавоб бера олмаслиги мумкин.