04.01.2025 11:42

Нукусда маст аскар 5 кишини пичоқлади. Қурбон бор

2025 йил 3 январь куни Нукус шаҳрида ФВВга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 19 ёшли аскар маст ҳолда тинч аҳолининг уйига кириб, ухлаб ётган аёлга тегажоғлик қилган. 

Ички ишлар органларининг маълум қилишича, Гаранин Максим Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли ҳарбий қисмдан қочиб, маҳаллий аҳолига ҳужум қилган.

Тахминан тонгги соат 4:00 да у Даналар кўчасидаги бир хонадонга ноқонуний равишда кириб, аёлга тегажоғлик қилмоқчи бўлган. Бу вақтда унинг турмуш ўртоғи уйғониб, аскарга тўсқинлик қилган. Маст аскар пичоқ билан эркакка ташланиб, унга оғир тан жароҳати етказган. 28 ёшли З.Қ. олган жароҳатлари сабабли шифохонада вафот этган.

Шундан сўнг, маст ҳолдаги аскар 64 ва 37 ёшли ота-ўғилга, кейинроқ Айбуйир кўчасида 68 ва 43 ёшли бошқа ота-ўғилга ҳам ҳужум қилган. Ҳаммаси бўлиб беш киши пичоқланган, уларнинг тўрт нафари шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса жойидан жиноят қуроли сифатида 20 см узунликдаги чопқи олинган. Гумонланувчи қўлга олингани айтилмоқда.

Бош прокуратура ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисми «а, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳарбий прокуратура томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.