04.01.2025 13:00
Хориж қўшинлари мамлакатдан чиқарилади - Сенегал президенти
Сенегал президенти Бассиру Диомай Фай янги йил мурожаатида муҳим баёнот билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилдан бошлаб мамлакатдаги барча хорижий ҳарбийлар чиқариб юборилади.
"Мен Қуролли Кучлар вазирига мудофаа ва хавфсизлик соҳасида янги ҳамкорлик доктринасини таклиф қилишни топширдим. Бу доктрина 2025 йилдан бошлаб Сенегалдаги барча хорижий давлатларнинг ҳарбий мавжудлигини тугатишни ўз ичига олади", — деди Фай.
Президент ўз сўзида Сенегалнинг барча халқаро ҳамкорларини дўстона ва чегарасиз стратегик шериклар сифатида қабул қилишини таъкидлади.
Шунингдек, 28 ноябрь куни Фай: "Суверен давлатда хорижий ҳарбий базаларнинг мавжудлигини қабул қилиб бўлмайди", деб таъкидлаган эди.
Сенегал бош вазири Усмон Сонко ҳам 2024 йилнинг май ойида Франция ҳарбий базаларини ёпиш эҳтимоли ҳақида фикр билдирганди.