04.01.2025 15:35

Save the Children: 130 минг бола Ғазо шимолида 50 кундан бери қамалда

"Болаларни ҳимоя қилиш" (Save the Children) ташкилотининг маълум қилишича, 10 ёшдан кичикроқ бўлган тахминан 130 минг бола 50 кундан бери Ғазонинг шимолий ҳудудларида озиқ-овқат ва тиббий ёрдам таъминотисиз қамалда қолиб келишмоқда.

6 октябрда Исроил кучлари ушбу ҳудудни "ёпиқ ҳарбий зона" деб эълон қилганидан бери аҳолининг озиқ-овқат, сув ва дори-дармон таъминоти деярли тўхтаб қолган. 

Очарчиликни тадқиқ қилиш қўмитаси ҳам Ғазо шимолидаги айрим ҳудудларда очарчилик бошланиши мумкинлигини ёки аҳолининг тўғридан-тўғри мазкур хавф остида қолганини таъкидлади.

БМТ бир ой олдин Ғазонинг шимолий ҳудудида яшовчи аҳолининг ҳаёти хавф остида эканлиги тўғрисида огоҳлантирган, бироқ ташкилотнинг маълум қилишича, Исроил кучлари гуманитар ёрдам гуруҳларининг ҳудудга киришига умуман йўл қўймаган.

Шу билан бирга, ташкилот 5 минг оилага бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, 725 дона гигиена тўплами ва бошқа турдаги гуманитар ёрдам ашёларини шимолий Ғазога 7 ҳафтадан буён етказиб бера олмаётганлигидан шикоят қилмоқда.

Шунингдек, ҳудудга тиббий ёрдам воситалари етказиб бериш тўхтатилгани ва "болаларни полиомиелитга қарши эмлаш кампанияси” Жабалия, Байт Лаҳия ва Байт Ҳанун ҳудудларида яшовчи 10 мингга яқин болага умуман етиб бормагани ҳам маълум қилинди.

Ташкилотнинг қайд этишича, Ғазонинг шимолий ҳудудларидаги кўплаб оилалар кекса ёки ногирон кишиларнинг борлиги ёки Ғазонинг бошқа ҳудудларида муқобил хавфсиз бошпана йўқлиги каби сабаблар туфайли қочиб кета олишмаган ва ўша ерда қолиб кетишган.

Шимолий Ғазодаги ота-оналар "Болаларни қутқариш" ташкилотига мадорлари тугаганидан шикоят қилиб, ўзларини «бўғилгандек» ҳис қилаётганликларини айтишган.

Ташкилотнинг билдиришича, урушдан энг кўп зарар кўраётганлар болалардир. БМТ маълумотига кўра, шаҳид бўлганларнинг тахминан 44 фоизини айнан болалар ташкил қилади. 

Ташкилот Ғазо шимолида икки нафар фарзанди билан яшовчи Рубанинг сўзларини келтириб ўтди: "Мен болаларим билан бирга бомба, ракета ва ўқ ёмғири остида қолиб кетдим, қочишга жойим йўқ. Онам фалажланган, уни ҳам қолдириб кетолмайман. Акам ўлдирилди, эрим ҳибсга олинди. Унинг тирик ёки йўқлигини билмайман. Уйимиз бошимизга қулаб, вайрон бўлди ва биз мўъжиза туфайлигина омон қолдик".

"Биз озиқ-овқатсиз, тоза ичимлик сувисиз, доимий қўрқув остида яшаяпмиз. Болаларимда тери тошмаси пайдо бўлди, қизимнинг жароҳати қонашдан тўхтамаяпти, аммо дори-дармон йўқ, ёрдам ҳам йўқ. Мен умуман ҳеч нарса қила олмаяпман", - деб ўз сўзида давом этган Руба.

"Болаларни ҳимоя қилиш" ташкилотининг минтақавий директори Жереми Стоунер шимолий Ғазодаги вазият инсоннинг ҳаётда қолиши учун деярли “яроқсиз", аммо у ерда 10 ёшгача бўлган 130 минг бола қамалда эканлиги маълумлигини билдирди. "Ғазодаги уруш бу болаларга қарши урушдир", - дея қўшимча қилди Стоунер.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.