Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияров «Толибон» ҳаракати (қатор мамлакатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган) мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Казинформ давлат агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон тақиқланган террорчилик ташкилотлари миллий рўйхатини янгилаш мақсадида мунтазам равишда кўриб чиқади ва ушбу жараён доирасида «Толибон»ни ундан чиқариб ташлашга қарор қилинган.

“БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий резолюцияларига кўра, Толибон ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилмаган”, — деди у.

Смадияровнинг таъкидлашича, сиёсий алоқаларга келсак, Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган қарор ва резолюцияларга “қатъий амал қилади”.

Қозоғистонда “Толибон” ҳаракати 2005 йил 15 мартдаги Олий суд қарори билан тақиқланган. Озодлик радиоси қозоқ хизматининг қайд этишича, 2021 йилда Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг Остона Кобулга бир неча бор расмий делегациялар юборган. Мамлакат расмийлари Афғонистоннинг янги ҳукумати билан боғланишга, хусусан, гуманитар муаммоларни ҳал қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Мавзуга алоқадор