Халқаро Суд 26 январдаги қарори билан Исроилнинг халқаро ҳуқуқдан устун эмаслиги ёки адолат ета олмайдиган мартабада эмаслиги ҳақида умид учқунини порлатди.

***

2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка Республикасининг “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция”ни (Геноцид конвенцияси) талабларини ошкора бузганлиги важи билан Исроилга қарши Халқаро судда очган даъво аризасида иш бўйича сўралган ҳимоя чоралар бўйича тингловлар, 2024 йил 11-12 январь кунлари бўлиб ўтди. Жаҳон жамоатчилиги ушбу эшитувлар натижалари эълон қилинишини катта қизиқиш билан кутаётган эди. Суд кеча ўз қарорини эълон қилди. Халқаро суд ўз қарорини шунчалик тез – 14 кунда эълон қилдики, ҳатто 2022 йилда Украина томонидан Россияга қарши Геноцид конвенциясининг бузилиши сабабли қўзғатилган иш бўйича ҳам бунчалик тез ҳаракат қилмаганди. Бу борада, албатта, ҳар икки ҳолат таққослангани ва Ғазодаги қатлиомнинг даҳшати эътиборга олингани аён.

Вақтинчалик ҳимоя қарори

Аввало шуни эслатиб ўтиш керак: эълон қилинган ҳимоя чоралари ҳақидаги суд қарори фавқулодда қарор ҳисобланади. Чунки зудлик билан чоралар кўрилмаса, тузатиб бўлмайдиган зарар юзага келиши мумкин. (Анча кеч ҳам қолинди, аслида!)

Дастлабки босқичда фақат Жанубий Африка тезисларининг ғалабаси ва Исроил тезисларининг рад этилиши сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган мазкур қарор охир‑оқибат Исроилнинг ҳаракатлари геноцид сифатида қайд этилади, дегани эмас ҳали. Дарҳақиқат, 1993 йилда Босния-Сербия иши бўйича очилган геноцид даъвосида ҳам ўша йили баъзи вақтинчалик ҳимоя чоралари кўрилди, аммо орадан 14 йил ўтиб чиқарилган якуний қарорда Сребреница қирғини воқеасидан бошқа ҳеч қандай ҳодиса геноцид сифатида қайд этилмади.

Бошқа томондан, вақтинчалик чоралар худди якуний қарорлар каби мажбурийдир. Зеро 1999 йилдан бери бундай шубҳага ўрин қолмади. Суднинг ўша йилги машҳур ЛеГранд қарори бу масала бўйича ҳар қандай баҳс-мунозараларга чек қўйди. Гарчи бу ишда айбланувчи томон бўлган Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) суд томонидан кўрилган вақтинчалик чораларга риоя қилмаган бўлса-да, иш охирида Суд вақтинчалик чораларга риоя қилмасликни алоҳида қонунбузарлик деб топди.

Шунинг учун Исроил кеча унга қарши чиқарилган қарорни бажаришга мажбур. Қабул қилинган қарор доирасида 6 та алоҳида чора-тадбирлар мавжуд. Шунга кўра, Исроил давлатига:

Геноцид тўғрисидаги конвенция бўйича олган мажбуриятларига мувофиқ, Ғазода фаластинликларга қарши ушбу Конвенциянинг 2-моддасида кўрсатилган ҳаракатлар (маълум бир ижтимоий гуруҳ аъзоларини ўлдириш, гуруҳ аъзоларига оғир жисмоний ёки руҳий зарар етказиш, гуруҳнинг ҳаммаси ёки бир қисмини йўқ бўлиб кетишига олиб борар даражада турмуш шароитини ёмонлаштириб юбориш, туғилишларнинг олдини олиш) содир этилишининг олдини олиш;

ўз ҳарбий қисмлари ва ўзига боғлиқ ҳарбий гуруҳлар томонидан олдинги моддада кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик;

фаластинликларга қарши тўғридан-тўғри ва очиқдан-очиқ геноцидга гиж-гижлаган ва шунга чақирганларни чеклаш ва жазолаш;

фаластинликлар дучор бўлган ҳалокатли ҳаёт шароитларини бартараф этиш учун Ғазога шошилинч зарур бўлган асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришни таъминлаш;

Ғазо секторидаги фаластинлик гуруҳлар аъзоларига қарши содир этилган деб даъво қилинган геноцид конвенциясига зид келувчи ҳаракатларни тасдиқловчи далиллар йўқ қилинишининг олдини олиш ва  сақланишини таъминлаш учун барча зарур чораларни дарҳол ва самарали кўриш мажбурияти юклатилди.

Бундан ташқари, ҳукмда баён этилган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида 1 ой ичида Судга ҳисобот тақдим этиши керак.

Жанубий Африка нималар талаб қилганди, қандай қарор қабул қилинди?

Мазкур чоралар Жанубий Африка томонидан талаб қилинган чораларнинг ҳаммаси эмас. Зотан қарорни эълон қилган суд раиси, судя Жан Донаг суд бу масалада бироз муросасозлик билан ҳаракат қилганини таъкидлади.

Энг ҳайратланарли томони шундаки, ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш талаби тўлиқ қабул қилинмади. Бу ҳолат қарорни кутаётганларнинг ҳафсаласи пир бўлган бўлиши мумкин. Айни пайтда, амалга оширилган ҳарбий амалиётлар ҳақида ҳеч нарса айтилмади дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Амалга оширилган чора аслида амалиётлар кўлами ва шаклига нисбатан чекловчи хусусиятга эга. Чунки баёнотнинг умумийлиги ва талқин қилиш учун очиқлиги аниқ хулоса чиқаришни қийинлаштирса-да, бу ҳарбий ҳаракатларни "Геноцид конвенциясининг бузилишига олиб келмайдиган ҳолатга келтиришни таъминлаш"нинг ягона маъноси бўлиши мумкин.

Жанубий Африканинг яна бир талаби геноцид конвенциясини бузган ҳолда ҳаракатлар содир этган деб топилган барча шахсларни, хоҳ у аскар бўлсин, хоҳ тинч аҳоли, жазолаш мажбуриятини юклаш эди. Суднинг амалдаги қарорида фақат тўғридан-тўғри ва очиқдан-очиқ геноцидни қўзғатувчи хатти-ҳаракат қилган шахслар билан чекланилгани ҳам эътиборга молик.

Бундан ташқари, қарорда Исроилга Жанубий Африка талаб қилганидек, 1 ҳафта ичида эмас, балки 1 ой ичида ҳисобот бериш мажбурияти юклангани, ҳозирги ҳужумларнинг ҳалокатлилигини ҳисобга олсак, жуда узоқ вақтлиги аён бўлади. Бошқа томондан, худди шу мажбурият 2019 йилдаги Мьянма ишида 4 ой бўлганини ҳисобга олсак, 1 ой жуда узоқ эмас деб талқин қилиш мумкин. (Яъни, шунисига ҳам шукр дейишга мажбурмиз!) Ушбу чора билан боғлиқ энг муаммоли масала шундаки, у битта ҳисобот топшириш мажбурияти билан чекланган, муайян даврларда қўшимча ҳисоботлар тақдим этиш мажбурияти йўқ. Бу ҳолат Жанубий Африканинг илтимосига ҳам, Мьянма ишида берилган қарорга ҳам зид.

Қабул қилинган эҳтиёт чораларини асослашда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) органлари ва ихтисослашган идоралари томонидан берилган ҳисобот ва баёнотларга кенг ҳавола қилингани ҳам диққатга сазовордир. Чунки кўп янграйдиган: "Бунча баёнот ва қоралашдан нима фойда?" каби саволларга шу ўринда жавоб берилган бўлди: Агар ўша саъй-ҳаракатлар ва баёнотлар бўлмаганида, эҳтимол, бугунги кунда ушбу эҳтиёт чора-тадбирларини қўллаш учун ҳуқуқий асосни ҳам яратиб бўлмас эди. Бу барча манбалардаги чидаб бўлмас даҳшатли маълумотлар, ҳатто мустақил манбаларнинг тасдиқланмаган талқинлари билан ҳам, бутун дунё жамоатчилиги олдида Ғазодаги гуманитар фалокат ҳолатини тасдиқланишини таъминлади. Эҳтимол шунинг учундир, қарор баъзан 15га қарши 2, баъзида 16га қарши 1 каби мутлақ кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Ҳатто Исроил томонидан тайинланган судя Барак ҳам баъзи вақтинчалик ҳимоя чораларига қўшилишга мажбур бўлди.

Халқаро Суд 26 январдаги қарори билан Исроилнинг халқаро ҳуқуқдан устун эмаслиги ёки адолат ета олмайдиган мартабада эмаслиги ҳақида умид учқунини порлатди.  Албатта, бунинг учун "Жаҳон суди"ни Исроилнинг шафқатсиз тажовузига қарши баъзи қарорларни эълон қилишга олиб боришда катта саъй-ҳаракатлар қилган Жанубий Африка ҳукуматидан, Жанубий Африканинг бу иш бўйича ҳуқуқшунослар ҳайъатидан ва бугунги кунга қадар Ғазода содир бўлган ваҳшийликларга доир далилларни энг оғир шароитларда тўплаш ва сақлашга муваффақ бўлган барчадан қарздормиз.

Мавзуга алоқадор