Россия мусулмонлари диний бошқармаси (раҳбари – муфтий Равил Гайнутдин) Троицкдаги “Илм ва иймон” мусулмонлар жамоатига тегишли намозхона (Абу Бакр масжиди) бузилишига изоҳ берди, дея хабарқилмоқда Islam News.

Москва муфтийси Ильдар Аляутдиновнинг баёноти Россия Мусулмонлар диний бошқармаси матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

"Интернет майдонида Янги Москвадаги "Илм ва эътиқод" мусулмонлар жамоати биноси бузилиши ҳақидаги хабарлар фаол равишда тарқалмоқда, - дейилади муфтий баёнотида. - Бўлиб ўтган воқеа иймонлиларнинг қалбида оғриқ билан акс-садо беради, айниқса, жамоатнинг маърифий тадбирларда фаоллиги эътиборга олинса. Ушбу жамоат аъзолари Москва мусулмонлари диний бошқармаси томонидан амалга оширилган кўплаб лойиҳаларда иштирок этишди. Яқиндагина дуолар қилинган, намозлар ўқилган, Ҳақ таолонинг амрлари янграган бинонинг вайрон бўлганини ўйлаш ачинарли. Бундай хабарни қабул қилиш қанчалик қийин бўлмасин, Москва мусулмонлари диний бошқармаси буни тасдиқлайди”.

Қайд этилишича, бино суд қарори билан бузилган. Диндорлар ибодатларни амалга ошириб келган бино белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган. Диний бошқарма томонидан бу масалани ҳал қилишга уринишлар бўлган, аммо “қурилишнинг дастлабки босқичида қонунчилик талабларига риоя этилмагани учун ижобий натижага эришиб бўлмаган”.

“Бу ҳолат диний жамоалар фаолиятини ташкил этиш масалаларида қонунчилик талабларига риоя этиш муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди. Маълумки, “Илм ва эътиқод” жамоатчилиги вакиллари ўз камчиликларини тан олиб, барча талаблар асосида янги бино қуришга ҳозирдан тайёргарлик кўрмоқда. Ҳозирда Москва мусулмонлари диний бошқармаси мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва юзага келган вазиятга мақбул ечим топиш мақсадида шаҳар ҳокимияти билан конструктив мулоқот олиб бормоқда”, - дея қайд этди Ильдар Аляутдинов.

Эслатиб ўтамиз, 16-17 апрель кунлари Москва вилоятида мусулмонларнинг иккита намозхонаси бузиб ташланди. Иккинчи бино Москва чегараларидан унчалик узоқ бўлмаган бўш ерда жойлашган бўлиб, Россия мусулмонлари диний ассамблеяси раҳбари, муфтий Альбир Кргановнинг диний назорати остида фаолият кўрсатган «Дўстлик» мусулмон ташкилотига тегишли эди. 

Мавзуга алоқадор