17.04.2024 07:20

Москва вилоятидаги Абу Бакр масжиди бузиб ташланди

16 апрель, сешанба куни Москва вилояти Троицк шаҳридаги Абу Бакр жомеъ масжиди бузиб ташланди (видео). Шу тариқа Троитск мусулмон жамоаси ҳамда масжид бузилишини талаб қилган маҳаллий аҳоли ва миллатчи фаоллар ўртасидаги уч йиллик қарама-қаршилик якунига етди, деб ёзмоқда Islam News.

“Гап шундаки, Троитск аҳолиси уч йилдан бери масжидга қарши курашиб келмоқда: улар шаҳар маъмурияти, мэр Владимир Дудочкин ва Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга кўплаб шикоятлар ёзишган. [...] Троитский аҳолиси том маънода маҳаллий ҳокимият органларини шикоятлар билан тўлдиришди. Натижада Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин қурилишнинг ноқонунийлиги бўйича жиноий иш қўзғатишни буюрди”, — дея хабар бермоқда “Москва янгиликлари нашри.

Қайд этилишича, аҳоли масжид фаолиятини бошлаганидан сўнг ҳудудда жиноятчилик даражаси ошиб кетгани, ота-оналар фарзандларини кўчага чиқаришдан қўрқаётгани, шунингдек, айниқса жума кунлари намозхонларнинг машиналари сабабли тирбандликлар юзага келаётганини иддао қилган.

Натижада 2023 йил октябрь ойида Троицк суди Абу Бакр масжидини рухсатсиз қурилиш деб топди ва эгаларига уни бузишни буюрди. Бироқ ушбу масжид пойтахт муфтийси Илдар Аляутдинов бошчилигида расмий рўйхатдан ўтган Москва мусулмонлари диний бошқармасига тегишли бўлган.

Троитск имом-хатиби доғистонлик Умар Алиев Islam News билан суҳбатда таъкидлаганидек, намозхона маҳаллий мусулмонлар жамоавий ибодат қилиш учун жойга жуда муҳтож бўлгани сабабли 2020 йилда қурилган.

“Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасидан кўплаб одамлар қўшни қишлоқларда яшайди. Масжидда жума намозига 2 мингдан ортиқ, байрам намозига эса бироз кўпроқ одам йиғиларди. Намозхонларнинг аксарияти туғилиши бўйича Россия фуқаролари”, — деди имом.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, эндиликда энг яқин масжид машинада тахминан 1 соату 20 дақиқалик масофада жойлашган.

Аввалроқ Москва муфтийси Илдар Аляутдинов Троитскдаги мусулмонлар намозхонаси бузилмаслигига умид билдирган, чунки минтақада шусиз ҳам масжид, намозхона ва маданий-маърифий марказлар етишмаслигини таъкидлаган эди.

Россия пойтахтида масжидларнинг кескин тақчиллиги 2021 йилда Россия Муфтийлар кенгаши раҳбари ўринбосари, Москва вилояти муфтийси Рушан Аббясов томонидан ҳам муҳокама қилинган эди. Москвадаги масжидлар, Аббясовнинг фикрича, муҳожирлар у ёқда турсин, тубжой мусулмонлар учун ҳам етарли эмас.

Москвадаги аксарият мусулмонлар ҳафталик жума намози у ёқда турсин, ҳатто байрам намозларига ҳам қатнаша олмайди, чунки 13 миллионлик пойтахтда 3 миллионгача мусулмон учун 4 та тўлақонли масжид бор, холос.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.