Исроил ўтган салкам 80 йил давомида фаластинликларга мислсиз зулм ўтказиб келмоқда, уларни муттасил уй-жойидан маҳрум қилиб, ерларини эгаллаб олмоқда, ўзларини қирғин қилмоқда. Бу зулмлар 2023 йилнинг 7 октябридан кейин янада даҳшатли тус олди. Шу воқеалардан ҳозиргача 35 мингдан зиёд аҳоли қурбон бўлди, уларнинг аксари болалар ва аёллардир. 85 мингдан ортиқ киши яраланди. Ҳатто юзлаб беморлар ва минглаб тинч аҳоли паноҳ топган касалхоналар ҳам босқинчи Исроил кучлари тарафидан аёвсиз бомбаланмоқда. Ғазо бутунлай вайрон қилинди. Халқаро ҳамжамият бу қатлиомни қоралашдан нарига ўтолмади. АҚШ бошчилигидаги бирлашган Ғарб Исроилни очиқ-ойдин қўллаб-қувватламоқда. Мусулмон давлатлари раҳбарлари эса бу даҳшатни жимгина, ҳатто хотиржам кузатмоқда.

Бугун бу ишларни инобатга олган ҳолда, Бутунжаҳон уламолари иттифоқи собиқ раиси, шайх Юсуф Қарзовий раҳимаҳуллоҳнинг йигирма йиллар олдин чиқарган ушбу фатволарини эълон қиламиз:

ИСРОИЛ ВА АМЕРИКА ТОВАРЛАРИНИ БОЙКОТ ҚИЛИШ ВОЖИБЛИГИ ТЎҒРИСИДА

ФАТВО

Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга, у кишинининг оилалари, саҳобалари ва ҳидоятга эргашганларга салавоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд. Қуръон, Суннат ва ижмо билан собит бўлган ҳукм шуки, Ислом юртини Ислом душманлари босқинидан ва босқинчилардан озод қилиш, ҳимоялаш учун биринчи навбатда босиб олинган мамлакат халқи, сўнг атрофдаги мусулмонларга жиҳод узил-кесил вожибдир. Агар улар қарши тура олмасалар, бу барча мусулмонлар учун вожибга айланади.

Хўш, бу бостириб кирилган Ислом диёри мусулмонлар учун биринчи қибла, Исро ва Меърож ҳамда Аллоҳ таоло атрофини баракали қилиб қўйган Ақсо масжиди замини бўлса-чи? Агар унинг босқинчилари мусулмонларга энг ашаддий душман бўлсалар-чи? Агар бу босқинчиларга бугунги кунда ер юзидаги энг қудратли давлатлар кўмак бераётган бўлса-чи? Америка Қўшма Штатлари ва бутун дунёдаги яҳудийлар қўллаб-қувватлаётган босқинчилар бўлса-чи?

Бугунги жиҳод муқаддас заминимизни ўзлаштирган, халқини ўз уй-жойидан ҳайдаб чиқарган, қонини тўккан, муқаддас жойларни вайрон қилган, хонадонларини култепага айлантирган, экинларини пайҳон қилган, у ерга вайронагарчилик келтирганларга қаршидир. Бу жиҳод Шарқу Ғарбдаги мусулмон уммати учун фарзларнинг фарзи ва энг аввал бажарилиши керак бўлган вожибдир!

Мусулмонлар ораларидаги энг заиф қатламнинг риоясини қилишади, уларга мадор бўлишади. Улар бир бутун умматдир. Уларни эътиқод бирлиги, шариат бирлиги, қибла бирлиги, дард ва умид бирлиги бирлаштирган.

Аллоҳ таоло айтганидек: “Албатта, сизларнинг умматингиз бир умматдир” (Анбиё сураси, 92-оят);

“Мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инилардир ” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, хиёнат қилмайди ва уни ташлаб  қўймайди”, деб марҳамат қиладилар.

Бугун муқаддас Қуддус ва баракотли Фаластин заминида биродарларимиз ва жигарларимиз бошларига тушаётган мусибатларга қарамай, Аллоҳ йўлида мардларча курашаётганлари, жон фидо қилаётганларини кўриб турибмиз. Биз мусулмонлар ҳамма жойда уларга бор кучимиз билан ёрдам беришимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло шундай буюради:

“Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир” (Анфол сураси, 72-оят);

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!” (Моида сураси, 2-оят).

Шунинг учун ҳам биродарларимиз душманларининг молларини сотиб олиш билан уларга зарар бермаслик бизнинг бурчимиз. Чунки бу гуноҳ ва душманчиликка ёрдам бўлиб, душманлардан маҳсулот сотиб олиш уларни кучайтиради.

Муқаддас заминда турган биродарларимизни қўлимиздан келганча қўллашимиз лозим бўлганидек, душманларини заифлаштиришга ҳаракат қилиш ҳам вазифамиздир. Агар ёвни заифлаштиришга фақат бойкот қилиш орқали эришиш мумкин бўлса, у ҳолда “фарзни тугал бажаришга олиб борадиган иш ҳам фарздир” қоидасига кўра, бойкотга қатъий риоя қилишимиз даркор.

Умматимиз – Ислом уммати: “Америкага йўқ!” дейиш вақти келди.

Америка маҳсулотларини сотиб олиш орқали унинг ривожига ҳисса қўшиш ҳам Исроил маҳсулотларини сотиб олиш каби тақиқланади.

Бугун Америка иккинчи Исроилдир!

Агар АҚШнинг сионистик ташкилотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва тарафкашлиги бўлмаганида, Исроил минтақада тажовузни давом эттира олмаган бўларди. Американинг маблағи, қудрати ва «вето»си кўмагида Исроил хоҳлаган ишини қилмоқда.

Америка бу ишини ўнлаб йиллар давомида амалга ошириб келмоқда. У ўзининг ноҳақ, нохолис тутумига норозилик сифатида Ислом оламидан ҳеч қандай қарши чоралар ҳам, жазо ҳам кўрмади.

Бизнинг мусулмон уммати «Америкага, унинг ширкатларига ва молларига йўқ!» дейдиган вақт келди. Вазият шундайки, улар бозорларимизни эгаллаган. Биз аллақачон Америка маҳсулотларини истеъмол қилишга ўрганиб бўлганмиз.

Али розияллоҳу анҳу айтди: «Уч нарса сизнинг душманингиздир: душманингиз, душманингизнинг дўсти ва дўстингизнинг душмани». Бугун Америка душманимизнинг энг асосий дўстидир.

Бугунги кунда бутун дунёдаги Ислом умматининг сони бир ярим миллиарддан ошади. Улар бойкот қилиш орқали Америка ва унинг компанияларига улкан зарар келтириши мумкин. Бу вазиятда мусулмонларга динлари буюрган, Парвардигорлари вожиб қилган нарса шудир.

Муқобили бўлатуриб, Исроил ёки Америка маҳсуотларини сотиб оладиган ҳар бир мусулмон ҳаром ишга, очиқ-ойдин гуноҳга қўл урган, Аллоҳ ҳузурида бахтсизлик, одамлар орасида эса шармандалилик юкини зиммасига олган бўлади.

Исроил ёки Америка ичида яшаётган мусулмон биродарлар эса улар билан муомала қилишга, товар-маҳсулотларини сотиб олишга мажбур. Аллоҳ ҳеч кимга кўтарганидан ортиғини юкламайди, заруратли ҳолларнинг ўз ҳукмлари бўлади. Аммо бундай ҳолда ҳам энг зарурий эҳтиёжни қондирар даражасидан ортиқ сотиб олмаслик лозим.

Аллоҳ таоло: “Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар”, деб огоҳлантиради (Тағобун сураси, 16-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар сизларни бирор нарсага буюрсам, қўлингиздан келганича бажаринг”.

Қўшма Штатлар ичидаги мусулмонлар ўзларига нисбатан адовати озроқ, нисбатан сионизмга камроқ тарафдор бўлган компаниялар билан олди-берди қилиши ва сионизмга мойил бўлган компанияларни иложи борича бойкот қилиши керак.

Худди шунингдек, араблар ва мусулмонлар, қаерда бўлишидан қатъи назар, сионистларга қарашли ва Исроилни қўллаб-қувватловчи Маркс&Спайсер ва шунга ўхшаш фирма ҳамда компаниялар; Исроилни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай давлат билан алоқани узиши зарур.

Бойкот қадимда ҳам, ҳозир ҳам урушнинг самарали қуролидир. Мушриклар уни ҳижратдан олдинги даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобаларига қарши қўллашди. Бу эса уларга қаттиқ зиён етказдики, дарахт баргларини ейишгача бордилар.

Айрим саҳобалар бу усулдан ҳижратдан кейин мушрикларга қарши курашда фойдаланишган. Таржимаи ҳол китобларида ривоят қилинганидек, Сумома ибн Усол Ҳанафий розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилиб, кейин умра қилиш учун Маккага борди. «Динингдан воз кечдингми?» деб сўрашди. «Йўқ, лекин мен энг яхши дин бўлмиш Муҳаммаднинг динига эргашдим. Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ рухсат бермагунича Ямомадан бирорта дон ҳам сизга етиб келмайди», деди у. Ямомага боргач, одамларни Маккага бирор нарса олиб боришдан ман қилди. Шунда Макка мушриклари Расулуллоҳга хат ёзишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб хати ёзиб, алоқаларни тиклашга буюрдилар.

Замонавий даврда ҳам халқлар мустамлакачилардан озод бўлиш учун олиб борган жангларида бойкот қуролидан самарали фойдаланганини кўришимиз мумкин. Чунончи, бу ишда энг кўзга кўринган шахслардан Маҳатма Ганди ҳинд халқини Британия товарларини бойкот қилишга чақирган ва бу ҳол озодлик урушига сезиларли ижобий таъсир кўрсатган.

Бойкот оддий халқ қўлидаги қуролдир. Бу қуролни динимиз ва умматимиз душманларига қарши курашда ишлатайлик, токи биродарларимиз биз тирик эканимизни, бу уммат ўлмаганини ва иншааллоҳ, ўлмаслигини ҳис қилишсин.

Яна бойкотнинг иқтисодий жиҳатдан ташқари бошқа мақсадлари ҳам бор. Шу билан бирга, у миллатнинг ўзига фойдаси бўлмаган, билъакс зарар келтирувчи нарсаларга қарамликдан қутулиши ва ўзгалар дидига қулликдан озод бўлишининг янгича тарбия услубидир.

Бойкот бу Ислом миллатининг бирлиги, ҳар куни фидойилик қилаётган биродарларимизга хиёнат қилмаслигимиз ва душманлари фойдасига ҳисса қўшмаслигимиз ҳақидаги баёнотдир.

Бойкот бу биродарларимиз томонидан пайғамбарлар юртида, риботда ва жиҳодда амалга оширилаётган ижобий қаршилик ҳаракатига қўшилган салбий қаршилик кўрсатиш принципидир.

Агар Ер юзидаги ҳар бир яҳудий ўзини қўлидан келганича Исроилни қўллаб-қувватловчи, ҳимоя қилувчи аскар деб билса, ер юзидаги ҳар бир мусулмон Ақсони озод қилиш ва унинг халқига қўлидан келганича жон ва мол билан, ҳеч бўлмаганда душманларнинг молларини бойкот қилиш билан ёрдам берувчи аскар эканини билиши лозимдир.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида бундай огоҳлантиради: “Куфр келтирганлар бир-бирларига дўстдирлар, агар буни қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта фасод бўлур” (73-оят).

Агар истеъмолчининг яҳудий ва Америка товарларини сотиб олиши ҳаром ва гуноҳи кабира бўлса, ундан фойда олиш учун сотиб олган савдогарлар ҳамда уларни ширкатларига агент қилиб олганларнинг ишлари ҳаромроқ, ўзлари эса кўпроқ гуноҳкордир.

Бутун ер юзидаги Ислом уммати ўзининг мавжуд эканини, муқаддас даргоҳлари учун ғаюрлигини исботлаши, дўсти ва душманидан келадиган фойда ёки зарарни билиши талаб этилади. Ожизлик ва умидсизликка таслим бўлиб, зўраки сионизм юклаган ноҳақликни қабул қилиши жоиз эмас. Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида: “Бас, бўш келманглар ва ўзингиз устун бўла туриб, ярашга чақирманглар. Аллоҳ сиз билан ва ҳаргиз қилган амалларингизни камайтирмас” (35-оят), деб марҳамат қилади.

Бу масалада уй бекаси бўлган опа-сингилларимиз ва қизларимизнинг ўрни каттароқ, балки эркакларнинг ролидан ҳам муҳимроқ. Чунки хўжалик ишларини назорат қилувчи, зарур маҳсулот ва асбоб-ускуналарни харид қилувчилар аёллардир.

Ўғил-қизларга йўл-йўриқ кўрсатиш, уларга жиҳодий руҳни сингдириш, ўз халқи ва унинг муаммоларига, душманларига қарши, айниқса, бойкот майдонида нималар қилиш кераклигини англатишда энг муҳим позицияга эгадирлар.

Фарзандлар бундан хабардор бўлишса, унга иштиёқ ва куч-ғайрат билан амал қиладилар, кейинчалик йўлбошчига айланишади.

Шу ўринда биз Аллоҳ таолога иймон келтирган барчани, насронийлар ва бошқаларни, бутун ахлоқий қадриятларни эъзозловчиларни, дунёдаги барча ҳур ва шарафли инсонларни ёнимизда туришга, ботилга қарши ҳақиқатни, адолатсизликка қарши адолатни қўллаб-қувватлашга, мазлумларга ёрдам беришга, Аллоҳ муқаддас қилган даргоҳларни, ҳар куни ўлдирилаётган, майиб-мажруҳ бўлаётган аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга чақирамиз.

Шунингдек, араб ва мусулмон мамлакатлари ҳамда бутун дунё аҳолисини фаластинликларни адолатли ишларида қўллаб-қувватлашга, ёвларига ғазаб қилишга, уларнинг манфаатларини пайҳон этувчи шафқатсиз қўпорувчиликларга қарши норозилик билдиришга чақирамиз.

«Айтинг: “(Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур”» (Тавба сураси, 105-оят).

Мавзуга алоқадор