Бельгиянинг француз тилида сўзлашувчи Валлония минтақасини бошқарадиган ҳукумат матбуот котиби Сильвен Йонкере Anadolu агентлигига 2023 йилда Лиеждаги PB Clermont порох заводига берилган ва 18 ой давомида амал қиладиган лицензиялар номаълум муддатга тўхтатилганини маълум қилди.

Йонкере, шунингдек, Валлония бош вазири Элио ди Рупо бу борадаги қарори эълон қилинган хати билан ўртоқлашган.

Мактубда айтилишича, 2009 йилдан бери Валлония Исроилнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтира оладиган ускуналарни экспорт қилмаган.

Ушбу заводда ишлаб чиқарилган порох Исроил армияси томонидан фойдаланиш учун эмас, балки ундан ишлаб чиқарилган ўқ-дориларни кейинчалик Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларига, жумладан Бельгия ва АҚШга қайта экспорт қилиш учун мўлжалланган.

“Халқаро суднинг 27 январдаги қарори ва Ғазо секторидаги гуманитар вазиятнинг қабул қилиб бўлмас даражада ёмонлашиши муносабати билан мавжуд лицензиялар тўхтатилди”, ‑ дейилади бош вазир Ди Рупонинг мактубида.

Фламаннинг De Morgen газетаси 25 январь куни PB Clermont заводи 2023 йил ноябрь ойида Исроилга 16 тонна порох жўнатгани ҳақида хабар берган эди.

Хабарда айтилишича, Исроилнинг Zim компаниясининг кемаси Антверпен портидан чиқиб, юкни Ғазо яқинидаги Ашдод портига етказган. Мазкур хабар Валлония ҳукуматининг танқидларга учрашига сабаб бўлди.

Мавзуга алоқадор