Халқимиз орасида қадимдан “Шоҳи Зинда” – “Тирик шоҳ” деган ном билан машҳур бўлган Қусам ибн Аббос тарихнинг тўзонли саҳифалари ораларида қолган, ҳаёт йўли ҳақида кўп ҳам маълумот мавжуд бўлмаган саҳобийдир. Ҳолбуки, у пайғамбар(с.а.в.)нинг яқинларидан бўлиб, қабри бизнинг заминимизда, Самарқандда жойлашганлиги кўпчиликка маълум. Шунинг учун ҳам халқ орасида бу зот билан боғлиқ афсоналар юради. Шу сабабли биз бугунги мақолада мазкур саҳобий ҳақида манбалардаги бор фикрлар ва далиллар асосида  баҳоли қудрат маълумот беришни лозим топдик.


1. Оиласи, таваллуди, болалиги, ёшлиги.

Қусам Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амакилари Аббоснинг ўғли бўлиб, онаси Лубоба бинти Ҳорис пайғамбаримизнинг аёллари Маймунанинг синглисидир[1]. Бу ҳол Қусам ибн Аббоснинг пайғамбаримиз билан ҳам ота, ҳам она томонидан қариндош бўлганликларини кўрсатади. Бундан ташқари, манбаларда Ҳадичадан кейин исломни қабул қилган биринчи аёл Қусамнинг онаси экани айтилади[2].  

Лубобанинг Қусамдан ташқари яна Фазл, Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Маъбад, Маъруф, Абдураҳмон ва Умму Ҳабиб исмли фарзандлари ҳам бор эди.

Пайғамбарнинг набиралари Ҳусайн (р.а.)ни Қусамнинг онаси эмизгани учун улар иккови эмакдош ҳисобланадилар[3].

Қусам бин Аббоснинг туғилган йили ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Аммо 626 йил, 11 январда (ҳижрий 4 йил, 5 шаъбон) туғилган Ҳусайн бин Али[4] билан эмакдош бўлгани ҳисобга олинса, унинг 626 йилда туғилганлигини тахмин этиш мумкин.

Қусамни пайғамбар (а.с.) жуда яхши кўрар эдилар. Бир марта Арофотдан қайтаётиб уловларининг орқасига унинг акаси Фазлни, олдига эса ўзини миндириб олгандилар.

Яна бир сафар эса, кичкина Қусам тенгдошлари билан ўйнаб турганида у ердан ўтиб қолган Расулуллоҳ уни яна уловларига миндириб олдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилинган бир ривоятга кўра, Қусам пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак жасадларини ювиб, дафн этишда қатнашган ва унда асосий вазифани бажарган. Ҳатто у зот (а.с.)ни қабрга қўйишда энг охири қабрдан чиққан, бинобарин пайғамбаримизни сўнгги бор кўрган у эди[5]. Аммо бу ривоятни бошқа ўринда Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ўзи рад этади. Чунки, Қусам пайғамбар вафот этган пайтда етти-саккиз ёшлар атрофидаги болакай бўлиб, унинг ёшидаги болага бу каби ишларни топширилмаслиги маълумдир. Бироқ Қусамнинг ўша қутлуғ дафн маросимидаги иштироки кўпгина ишончли манбаларда зикр қилинади.

Уч рошид халифалар замонида ёши кичик бўлган Қусам бирор бир вазифага тайинланмаган. Аммо ҳазрати Али халифалик даврларида у Макка волийси этиб тайинланди[6]. Бу пайтга келиб у ўттиз икки ёшлар атрофида эди. Бундан аввал у жуда қисқа муддат – балки бир-икки ойлар Мадинага ҳам волий бўлганди.

Қусамнинг Маккага волийлиги 42/662 йилгача – Муовия Холид ибн Осни унинг ўрнига тайинлагунига қадар давом этди[7].

2. Қусамнинг Мовароуннаҳр сафаридаги иштироки ва шаҳид бўлиши

Умавий халифа Муовия даврида Қусам 56/676 йилда Саид ибн Усмон қўмондонлигидаги қўшин билан бирга Мовароуннаҳрга қилинган сафарга иштирок этди[8]. Умавийлар билан муносабатлари яхши бўлмагани учун бу юришда Қусам фақатгина оддий аскар сифатида қатнашди. Чунки у Али ва Муовия ўртасидаги тортишувда Али тарафида турган ва унинг Маккадаги волийси бўлганди. Саид ибн Усмон гарчи умавийлардан бўлса-да, қўшини сафидан жой олган Қусамга иззат-икром кўрсатди, ёнидан айирмади[9].

Ўта тавозели, камтарин ва қаноатли бўлган Қусам пайғамбаримизга яқинли сабабли ўзини бошқалардан устун тутмасди. Чунончи, бир ривоятда Саид ибн Усмон унга “Қўлга киритилган ўлжадан сизга минг ҳисса ажратилсинми?” – дея сўраганида  у зот: “йўқ, бешдан бир ҳисса”, деб жавоб берган экан. Кейин яна: “Олдин бошқаларнинг ҳиссаларини беринг, ундан кейин меникини ўйлаб кўрамиз”, деган экан.

Наршахий бу воқеани бошқачароқ ифодалайди. Унга кўра Саид ибн Усмон Бухорони фатҳ этгач, Қусамга иззат-ҳурмат кўрсатади, сўнгра: “Ҳаммага бир ҳиссадан сизга эса минг ҳисса ўлжа бераман”,  дейди. Бунга жавобан Қусам: “Шариат буюрган бир ҳиссадан бошқа (ҳеч нарса) олмайман”, дея танбеҳ беради[10].

Ривоятларда фарқлилик бўлса-да, уларда Қусам бин Аббоснинг нақадар қаноатлилиги ва бошқалардан ўзини устун қўймаслиги аён бўлиб турибди.

Бу буюк шахснинг қаерда вафот этгани борасида турли манбалар турлича маълумот берадилар. Баъзилар Қусамни Марвда вафот этган, деган фикрни олға суришса-да, унинг Самарқандда вафот этгани ва қабри ҳам ўша ерда экани ҳақида жуда кўп ишончли манбалар, жумладан Бухорий ўз асарида гувоҳлик беради[11]. Ҳатто унинг акаси Абдуллоҳнинг: “(Укамнинг) туғилган жойи ва вафот этган жойи бир-биридан нақадар узоқ! Маккада туғилди аммо Самарқандда ўлди”, дея унинг ҳолига қайғургани ривоят қилинади. Бундан ташқари тафсир асари муаллифи Абу Солиҳнинг: “Биз ҳеч бир онанинг болалари қабрини Аббос ва Умму Фазл фарзандларининг қабричалик бир-биридан узоқ бўлганини кўрмадик. Фазл Шомда, Абдуллоҳ Тоифда, Убайдуллоҳ Мадинада, Қусам Самарқандда, Маъбад эса Африкада вафот этишди”, деган сўзлари машҳурдир[12].

“Самария”да ёзилишича, Саид ибн Усмон динни кучайтириш ва шариат ҳукмларини жорий этиш муқсадида Қусам ибн Аббосни бир неча ислом қўшини билан бирга Самарқандда қолдирган. 677 й. суғдийлар шаҳарга ҳужум қилган. Самарқанд шаҳрининг Намозгоҳида Қусам шаҳид бўлган. Уни Бану ножия қабристонида ғор ёнида (бошқа манбаларда - Ғозийлар ёнида) дафн этганлар[13].

Тўғри ривоят шудирким – дейилади “Самария”да, – Усмон ўғли Саъид Самарқанд эли билан урушаётганда, Қусам жон чиқар ерига ўқ тегиб, шаҳид бўлди ва Бану ножия қабристонига кўмилди[14].

Уни “Шоҳи Зина” – “Тирик шоҳ” деб аталишига халқ орасида тарқалган бир афсона сабаб бўлган. Унга кўра, Қусам ўлдирилмаган, балки кофирлардан қочиб, мўъжизавий шаклда олдидан очилган ғорга киргани ва унинг кетидан ғорнинг оғзи беркилган[15].

Султон Санжар Мозий замонасида (1118-1157) Бану ножия қабристонида “Қусамия” мадрасаси солинган. У Оби машҳад ариғи яқинида бўлган Амир Темур даврида ушбу мозор устига мақбара солиниб, турли безаклар билан безатилган. Халқ орасида “Шоҳи Зинда” номи билан машҳур бўлган бу ёдгорлик ўрта аср меъморчилигининг энг ноёб дурдоналаридан саналади.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

 



[1] Балозурий. Ансобу-л-ашроф. – Миср, 1959. Т. I. Б. 446. 

[2] Ибн Асир. Усуду-л-ғоба фий маърифати-с-саҳоба. – Доруш шаъб. Т. IV. Б. 392; Заҳабий. Тариху-л-ислам. – Байрут, 1989. Т. IV. Б. 287.

[3] Балозурий. Ансобу-л-ашроф. – Миср, 1959. Т. I. Б. 90.                  

[4] Табарий. Тариху-р-русул ва-л-мулук. – Қоҳира. Т. II. Б. 555; Заҳабий. Сияри аълому-н-нубало. Т. III. Б. 280.

[5] Ибн Ҳишом. Ас-сийрату-н-набавийя. – Байрут: Т. IV. Б. 312; Табарий, Т.III. Б. 211

[6] Табарий. IV. – Б. 445; Ибн Асир. Ал-комил фи-т-тарих.  Т. III. Б. 204, 222.

[7] Табарий. V. – Б. 92, 132, 155, 172; Ибн Асир. Ал-комил фи-т-тарих.  III. – Б. 350, 374.

[8] Заҳабий. Сияри аълому-н-нубало. Т. III. Б. 441.

[9] Умар Насафий. – Б. 529.

[10] Наршахий. Бухоро тарихи. – Т.: Камалак, 1991. – Б. 117

[11] Қаранг: Бухорий Муҳаммад бин Исмоил. Ат-тариху-с-сағир. – Қоҳира: 1976. Т. I. Б. 86, 142.

[12] Ибн Саъд. Табақот. – ж. IV. Б. 6; Умар Насафий. – Б. 528.

[13] Ислом энциклопедияси. – Т.:  “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. – Б. 298.

[14] Қаранг: Абу Тоҳирхожа. Самария. – Т.: Камалак, 1991. – Б. 29.

[15] Barthold. V.V. Mogol istilasina kadar Turkistan. Çev. H. D. Yildiz. – Istanbul: Kervan yayinlari, 1981. – S. 118.

Мавзуга алоқадор