Душанба куни Ҳиндистон Олий суди Жамму ва Кашмир штатининг махсус мақомини бекор қилувчи қонуннинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси бош вазир Нарендра Моди ҳукумати томонидан 2019 йилда қабул қилинган эди.

“Биз Конституциянинг 370-моддасини бекор қилувчи президентнинг конституциявий тартиб чиқариш ваколатини амалга оширишини ҳақиқий деб ҳисоблаймиз”, — дея Ҳиндистон Олий суди конституциявий ҳайъати сўзларидан иқтибос келтирди Anadolu агентлиги.

Олий суд ҳукуматдан маҳаллий сайловларни келаси йилнинг сентябригача ўтказишни сўраган.

Шундай қилиб, Жамму ва Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилиш ҳақидаги ҳукумат қарори олий суд томонидан қўллаб-қувватланди ва Ҳиндистонда эндиликда ушбу қарор устидан қонуний равишда шикоят қилиб бўлмайди. 2019 йилда минтақа автоном мақомининг бекор қилиниши мазкур минтақанинг бир қисмини назорат қилувчи ва унга эгалик ҳуқуқи учун тортишаётган Покистон билан муносабатларнинг ёмонлашишига олиб келган эди.

Аввалроқ мамлакатнинг бир қатор фуқаролари, бир қанча гуруҳлар ва сиёсий партиялар Ҳиндистон Олий судига 20 га яқин петиция билан мурожаат қилиб, Модининг Жамму ва Кашмирнинг махсус мақомини бекор қилиш ҳақидаги қарорини конституцияга зид деб топишни талаб қилган эди.

Шу билан бирга, Жамму ва Кашмир собиқ бош вазирлари Умар Абдулла ва Меҳбуба муфтийнинг айтишича, полиция уларни Ҳиндистон Олий суди қароригача уй қамоғида ушлаб турган. Бундан ташқари, Жамму ва Кашмир Халқ Демократик партияси полиция ўз қароргоҳи эшикларини муҳрлаб қўйганини айтди.

Мавзуга алоқадор