Азон Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир.
Азон луғатда “билдирув” маъносидадир:
“Азон” – Аллоҳнинг сиғиниш ва ибодат қилишга сазовор ягона Зот эканини, Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбарликларини, динимизнинг бутун дунёда мислсиз адолат ва ҳурриятни жорий қилиш дини эканини билдиришдир. 
“Азон” – Қуръон ва Суннатни ўрганиб, иймон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаш зарурлигини билдиришдир. 
“Азон” – Аҳли Сунна вал жамоа мазҳаби асосида ақида софлиги, дин мусаффолиги йўлида ҳаракат қилиш барча мусулмонлар учун энг тўғри  йўл эканини билдиришдир.  
“Азон” – Исломнинг ўз номига муносиб равишда кишиларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюришини, аксинча зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорлик, бидъат-хурофотлардан қайтаришини билдиришдир. 
“Азон” – солиҳ салафлар, улуғ мужтаҳидлар тажрибасига таянган ҳолда Аллоҳ кўрсатган йўлдан чекинмай юриш, уларга эргашиш, турли фирқачилик ва ихтилофларга берилмаслик, аксинча диний биродарлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни жорий этиш заруриятини билдиришдир.
“Азон” – жамиятдаги барча инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқларини – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, туғилгандан бошлаб ҳур, озод бўлиш, одил судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиш ва оила қуриш, хатоларни ислоҳ қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини билдиришдир.  
“Азон” – динимизнинг мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилишини, аёллар шаънини кўтаришини билдиришдир. 
“Азон” – динимизнинг инсоният ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик-гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган, илоҳий адолатни таклиф этадиган сўнгги Ҳақ дин эканини билдиришдир.
Бу бизнинг Азондир!
“Азон” бундан буён яна-да кенг уфқларни кўзламоқда, олдин миллат муаммолари билан кўпроқ шуғулланган бўлса, энди бутун уммат масалалари билан машғул бўлишга чоғланди. Мақсадимиз ўзгармаган, фақат кенгайган – сиз азизлар-да орасида бўлган барча умматга хизмат қилиш, муродимиз ҳам ўша-ўша – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш. Сиз муҳтарамлардан истагимиз бизни кузатиб боринг, нашр этаётган материалларимиз юзасидан қимматли фикрларингиз, маслаҳат ва тавсияларингизни дариғ тутманг ва дуоларингизда бизни йўқлаб туринг.

AzonGlobal таҳририяти жамоаси

Мавзуга алоқадор