Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) РФ таркибидаги Адигея Республикасининг Майкоп шаҳрида жойлашган православ черковига Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқароси ҳужум уюштиришни режалаштирганини маълум қилди.

“Террорчи Майкоп шаҳридаги диний муассасага (православ черкови) ҳужум уюштириш ҳамда унинг руҳонийлари ва соқчиларини ўлдириш билан бирга, бинога ўт қўйишни режалаштирган, ҳудудда разведка ишлари олиб борган, ҳужум режасини тузган, зарур компонентларни сотиб олган ва қўлбола ёндирувчи воситани ясаган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, терактдан кейин жангари хорижда яширинишни режалаштирган.

Таъкидлаш жоизки, Россия махсус хизматлари томонидан сўнгги вақтларда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларидан ўз ғаразли мақсадларида фойдаланиш (хусусан, Украинадаги урушга жалб қилиш учун мажбурловчи чоралар кўриш), шунингдек, уларни ёмонотлиқ қилиш, мамлакатда ксенофобия ва миллатчилик кайфиятини кучайтириш борасидаги ҳаракатларини фаоллаштирган. Бу каби хабарларнинг ҳақиқатга қай даражада яқинлиги маълум эмас. Шундай экан, айни пайтда Россия ҳудудида ишлаб юрган ва яқин вақтлар ичида ушбу давлатга боришни режалаштирган юртдошларимизга мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда барча эҳтиёт чораларини кўриш, имкон қадар сафарини бекор қилиб, бошқа муқобил режаларни ишлаб чиқишларини тавсия қиламиз.

Мавзуга алоқадор