Ўтган умматларнинг умри узун бўлганидан, улар жуда кўп яхшиликлар қилиб, бисёр ажр-савобга эришганлари тарихдан маълум. Бу ҳолатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билгач, у зоти бобаракотга умматларининг умри жуда қисқа кўринган. Узун умрли умматларга ҳаваслари келиб, умматимнинг умри ҳам уларга ўхшаб узун бўлганида, албатта, булар ҳам кўп яхшиликлар қилиб, кўплаб ютуқларга эришардилар, деб орзу қилганларида, Аллоҳ таоло у зотга Лайлатул қадрни ато қилиб, бу кечада қилинган ибодатларнинг ажр-мукофоти ўтган умматларнинг минг ой давомида қилган ибодатлари савобидан афзалдир, деган.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини бошқа умматлардан кўплаб хусусиятлар билан фазилатли қилди. Бизга расуллар ва набийларнинг ичидан энг афзали ва энг охирги пайғамбарини юборди, энг охирги Китоби – Қуръонни туширди ҳамда бизни энг яхши уммат деб атади:

كنتم خير أمة أخرجت للناس

 “(Эй мусулмонлар!) Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз” (Оли Имрон, 110-оят ).

Лайлатул қадр қандай кеча ўзи? Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.  (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси).

Лайлатул қадр – қадри улуғ кеча, дегани. Бу тунда бериладиган фазилатларнинг қадри юксаклиги, унинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бандаларнинг бир йиллик амаллари ўлчаниб, режалаштирилишидан шундай номланган. Зеро, фаришталар бу кечада келгуси йилнинг шу кечасигача қилинадиган барча ишларни ўлчаб-ҳисоблаб қўядилар.

Сурада зикр қилинганидек, бу кечада Қуръони карим нозил қилинган. У минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу тахминан, Лайлатул Қадр кечаси ичида бўлмаган қамарий 83,3 йилга тўғри келади. Бу, шу муборак тунда қилинган ибодатлар шунча йил давомида бажарилган ибодат савобидан афзал, деганидир. Фараз қилайлик, бу муборак кечани бир марта топган киши шунча йиллик ибодатдан кўра афзал савобга эришса, уни бир неча марта топган одам қанчалар ажрга эришар экан-а? Бундан ортиқ бахт борми? Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу муборак ойни интиқлик билан кутар, унинг яқинлашаётганини саҳобаларга эслатиб, тайёргарлик кўришга чорлардилар. Рамазон келгач, саҳобаларни қутлаб муборакбод этардилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ражаб ойи кирганида бундай дуо қилар эдилар:

اللهم بارك لنا في رجب وشعبان وبلغنا رمضان

«Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда бизни Рамазонга етказгин» (Имом Байҳақий ривояти).

Муалло ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ айтади: «Салафи солиҳлар Рамазон келмасидан олти ой олдин Аллоҳдан бу ойга етказишини сўраб дуо қилишар, Рамазондан кейин эса, яна олти ой бу ойдаги ибодатларининг мақбул бўлишини тилаб илтижо этишар эди». Шундай қилиб, у зотлар йил давомида бу муборак ой ҳақида қайғурар эканлар.

Бу кечада Жаброил алайҳиссалом бошчилигида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган бандаларнинг бир йиллик ишларини олиб тушадилар. Бу тун тонг отгунча тинчлик-омонлик кечасидир. Бу муборак кечада фаришталар мўминларга салом беришади, бандаларнинг тақдирига фақат тинчлик-омонлик битилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يَقُمْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْبخاري.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар. Демак, бу кечани намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, дуо, истиғфор каби ибодатлар билан бедор ўтказиш керак.

Таъкидлаш лозимки, Лайлатул қадр кечасини бедор ўтказишдан мурод ибодат, зикру тасбеҳ, Қуръон тиловати бўлиши керак, таомхўрлик, зиёфат, бекорчи гап-сўзлардан иборат эмас. Аввало, бу кечани қоим бўлиш учун ўша кечанинг хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳадиси шарифда хуфтонни жамоат билан адо қилган киши ўша кечанинг ярмини, бомдодни жамоат билан ўқиган одам ўша туннинг қолган қисмини бедор ўтказибди, дейилган.

Аломатлари

Қадр кечаси тонгида қуёш кўз қамаштирмайдиган даражада ёқимли нур таратиб чиқади. Бу ҳақда Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кеча тонгида қуёш нурлари кўз қамаштирмас даражада чиқади”.

Яширин эканлиги ҳикматлари

1. Аллоҳ таоло баъзи нарсалар қаторида Қадр кечасини ҳам яширин қолдирди. Бандалари барча ибодатларга рағбат қилишлари учун Ризосини ибодатларда, гуноҳ бўлган барча ишлардан сақланишлари учун Ғазабини маъсиятларда яширди. Инсонлар тавбада бардавом бўлишлари учун тавба Қабулини пинҳон тутгани, ҳамиша тайёр туришлари учун ўлим вақтини билдирмаганидек, Рамазоннинг барча кечаларини ғанимат билсинлар, дея ушбу кечани яширин қолдирди.

2. Банда Қадр кечасининг вақтини аниқ билмагани учун умид билан Рамазоннинг барча кечаларида бедор бўлишга ғайрат қилади.  Аллоҳ таоло бундай бандалари билан фаришталарига мақтанади: “Сизлар, бандаларимни ер юзида фасод қилиб, қон тўкишади, дер эдингиз. Аммо, яширилган кеча учун қандай ғайрат қилаётганликларини кўринг! Агар мен уларга Қадр кечасини аниқ билдирганимда уларнинг ғайратлари қай ҳолатда бўлар эди?!” Бу ҳолатда Бақара сураси 30-оятидаги “Мен сизлар билмаган нарсани биламан”, жумласининг ҳикмати  намоён бўлади.

* * *

Лайлатул қадр дуоси

Абдуллоҳ ибн Бурайда розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, мен Қадр кечасини топсам, нима деб дуо қиламан, дея сўрадим”. У зот:

اللَّهُمَّ، إِنَّك عَفُوٌّ تُحِبّ الْعَفْو، فَاعْفُ عَنِّي

“Аллоҳумма,  иннака ъафуввун туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний 

Ё Аллоҳ, Сен кечирувчи Зотсан, кечиришни яхши кўрасан, менинг (гуноҳларим)ни афв эт”, деб айт”, дедилар (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий ва  Ибн Можа ривоятлари).

Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.

Мавзуга алоқадор