Аллоҳ таоло шайтон одам боласининг очиқ-ойдин душмани экани ҳақида доимий равишда огоҳлантириб, ўзимизни шунга яраша тутишга буюради: “Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинг! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур” (Фотир, 6). Шунга кўра, ғанимга муносабатимиз дўстга муомаламиздан фарқли бўлиши керак.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсониятнинг якка-ю ёлғиз душмани шайтон ва шайтонга севимли амаллар эканини билдиради. Шундай бўлгач, шайтонни суюнтирадиган ишларни ёқтириш нодонлик, уни хушнуд этиш эса тўғри йўлдан адашиш, залолатга юз тутишдир. Агар иблисни қувонтирадиган, унга куч бағишлайдиган нарсалардан нафратлансак, ғолиблар сафидамиз. Бошқа йўлни ихтиёр этсак, у икки дунёмизни хароб қилувчи йўлдир. Аллоҳ сақласин!

Дўст билан душманни яхши ажратиб олиш учун бизга Қуръон ва суннатга асосланган етарли билим керак бўлади. Ҳар бир жангда бўлганидек, шайтон билан курашда ҳам кучли қурол ва ундан фойдаланиш маҳорати зарур. Мусулмон киши учун кучли қурол – имон ва ишонч. Ундан фойдаланиш маҳорати – илм ва амалдан тўхтамаслик. Кучимиз эса мардлик, ғайрат ва қатъиятимиздир.

«(Иблис) айтди: “Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло, уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир)» (Ҳижр, 39–40). Демак, ўзи айтганидек, шайтон ҳам барча қуролларини ишга солиб, бизга қарши жангга чиқади. Масалан, билимимиздан маҳрум этиш учун жоҳилликни, имон ва ихлосимиздан айириш учун шубҳа ва ишончсизликни, қатъиятимизни сўндириш учун эса қўрқоқлик, дангасаликни зийнатлаб кўрсатади/

“Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 17).

Иблиснинг махфий ва кучли қуролларидан бири ҳаётдан норозилик туйғусини кучайтириш, шу тарзда исёнга олиб бориш; бизни тушкунлик, умидсизлик, ношукрлик гирдобига солиб, қийнашдир. Бу ҳийлаларга учганларнинг барча яхшиликлардан маҳрум бўлиши аниқ. Аслида, шайтоннинг ягона нияти ҳам шу.

Динимизда энг улуғ ва оғир кураш нафсга қарши курашдир. Яъни, шайтоний ҳис-туйғулар, ўй-фикрларга қарши туриб, Парвардигорга покиза ҳолда, ёруғ юз билан йўлиқишга интилишдир. Албатта, бу йўл қийинчилик ва машаққатларга тўла. Уларни енгиб ўтиш учун ҳамма имкониятларни охиригача ишга солишимиз керак: “Ёки сизларнинг ичингиздан (Унинг тоати йўлида) жидду жаҳд қилганлар ва (қийинчиликларга) сабр қилувчиларни Аллоҳ билмай (синамай) туриб, жаннатга кираверамиз, деб ўйладингизми?” (Оли Имрон, 142).

Мазкур курашдаги ғолиблар хушхабарини Аллоҳ таоло бундай баён қилади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз. Айнан улар учун остиларидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатлар бор бўлиб, улар у жойда олтин билакузуклар билан безанурлар ва яшнаб турувчи шойи либослар кийиб, сўриларда суяниб ўтирурлар. Нақадар яхши мукофот у, нақадар гўзал жой у!” (Каҳф, 30–31).

Бу умидбахш ояти карима шайтон ва нафсимиз билан курашда қандай синовларга дуч келмайлик, Аллоҳ таолога шукр қилишга ва У Зот берган ҳаётга рози бўлишга ундайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг иродаси, илмисиз ҳеч нарса содир бўлмайди. Олдимиздаги вақтинчалик машаққатлар жидду жаҳд қилишга ва курашишга арзийдиган хайрли оқибат учундир!

 

Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи

тайёрлади.

Мавзуга алоқадор