Ифторликка патир олиб, новвойхонадан чиқаётганимда: “Бир дона нон беринг”, деган маҳзун сас қулоғимга чалинди. Овоз келган томонга қарадим – уст-боши юпун, оёғидаги елим шиппаги едирилиб кетган аёл музтаргина турарди. Юрагим қалқиб кетди. Елим халтадаги иссиқ патирдан таралаётган тафт оташ каби бутун вужудимни ёндирарди. На ортга қайтишни, на олдинга юришни билмай қолдим...

Яқинларимиздан бири, қўшнимиз, маҳалладошимиз, юртдошимиз ва ёки бир нотаниш одам ҳозир оч, чанқоқ, ёлғиз, бемор, қаровга муҳтож бўлиши мумкин. Биз эса “Шу чоғда ҳам камбағал, эҳтиёжманд қолдими?” деб ҳайратланамиз. Дастурхон тузаганимизда ширину нордон, аччиғу шўр, қуюғу суюқ, фойдалию зарарли демай, исрофу уволни ўйламай егуликларни тўкиб ташлаймиз. Ифторлик ўтказишда кимўзар мусобақаларига киришганмиз. Унга қорни тўқларни чақирамиз. Ифторлик, эҳсон каби Аллоҳ розилиги учун қилинажак ишлардан қўлимиз қанчалик узунлигини кўз-кўзлаш учун фойдаланамиз.

Баъзан номдор емакхоналарда ифторлик берамиз. Ўйга толасан киши: емакхонада, ҳамманинг кўз ўнгида ифторлик бериб савоб олмоқчи бўлганлар риёга йўл қўйишаётгани ҳақида мулоҳаза қилишмаганмикан? (Бу ҳолатларда шом намозини эркаклар емакхона атрофидаги масжидларда адо этишса ҳам, аёллар ибодати қазо бўлиши ҳақида индамадик). Айримлар ифторлик дастурхонларини суратга олиб, интернетдаги шахсий саҳифаларига жойлаштириб, “ёқди” йиғиб “шуҳрат” қозонишмоқда...

Болалигимда онам қўлимга пул тутқазар, тиланчини кўрсатиб тайинлардилар: «Ўша бобога бериб кел. Дуо қилса, ниятларингни айтиб “Омин” дегин». Мен ҳам жон деб турардим. Гўё фавқулодда катта ишни бажаргандай, дадамга мақтанганимда, онам: “Садақа берганингни ҳаммага айтсанг, ниятларинг ижобат бўлмайди”, дегандилар. Шу-шу тиланчига пул берганимни айтиб ҳеч кимга мақтанмай қўйдим. Болаликнинг ишончи, ихлоси, ижросида риё бўлмайди. Бироқ катта бўлганимиз сари амалларимиз вазнини “Одамлар нима дейди?!” деган ўй билан ўлчаймиз. Атрофдагиларга ёқиш, кимлигимизни кўрсатиш илинжи амалларимизни риёга қориштираверади.

Қанийди истагимиз фақат Аллоҳ розилиги бўлса! Кошки амалларимиз одамлар мақтовига эмас, Раббимиз марҳаматига муваффақ бўлиш учун бажарилса! Кимсага билдирмай муҳтожларга ёрдам қўли узатилса!..

Шифохоналарда бир кунлик дори-дармонни фалон пулга сотиб олаётган, фарзандини даволаш учун бор-бисотини сотиб, камига қарзга ботганлар кўп. Тўлов-шартнома асосида ўқиётган талаба жиянимиз, неча йилдан бери уйи томини ёполмаётган укамиз, рўзғор, болалари ташвишидан ортиб даволанишни пайсалга солаётган опа-синглимиз кўз олдимизда яшаяпти. Биз дабдаба билан ёзаётган саҳарлигу ифторлик дастурхонига сарфланаётган пуллар ана ўшаларнинг мушкулини осон қилиши мумкин. Биз эса савобни узоқлардан, қорни тўқлардан излаш билан оворамиз.

Аслида кекса, парваришга муҳтож, ёлғизлар ҳолидан хабар олиш, уй-жойини супуриб-тозалаб, бир қошиқ овқат билан кўнглини олиш; кичкина болалари билан таъмирталаб уй-жойини эпақага келтиролмаётган бевалар ҳожатини раво қилиш; электр энергияси, табиий газ, солиқ ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлаш, қўни-қўшничилик ҳақига риоя қилиш ҳам савоб. Шундай тўловларга қурби етмай, қўли калталигидан боши хам одамлар йўқ эмас. Масъул идоралардан вакил келиб эшигини тақиллатса, “томоша”га ошиқамиз. Шундайларга ёрдам бериб, қарзини узиб қўйиш ҳам савоб аслида...

Тафти оловдай қўлимни куйдираётган патирга қараб ўйга толдим: ҳозиргина гувоҳи бўлганим воқеа муборак ой ҳақини муносиб ўтай олмаётганимни кўрсатди. Қўлимдан келатуриб эҳтиёжмандларга ёрдам беролмаганим, бермаганимни ўйлаб ўзимни тафтиш қиляпман. Сиз-чи, азиз замондош, Рамазон ойи моҳиятини англай олдингизми?

Умида Адизова

Мавзуга алоқадор