Исроил матбуоти Эроннинг учувчисиз учоқлари, қанотли ва баллистик ракеталар билан уюштирган ҳужумини қайтариш харажатлари Исроил иқтисодиётига 1,35 миллиард доллар зарар келтирганини хабар қилди, дея хабар бермоқда Anadolu.

«Едиот Ахаронот» газетасида эълон қилинган мақолада Исроил Бош штаби собиқ бошлиғи маслаҳатчиси, бригада генерали РАм Аминахнинг ҳисоб-китобларига кўра, 14 апрелга ўтар кечаси Исроилнинг мудофаа харажатлари 4-5 миллиард шекелни (1,08-1,35 миллиард доллар) ташкил этгани тахмин қилинмоқда.

Бу рақам фақат Эрон томонидан учирилган ракеталарни уриб тушириш учун сарфланган мудофаа харажатлари эканлигига эътибор қаратган Аминах ракета тушган жойлардаги зарар бу рақамга киритилмаганини маълум қилди.

Хабарда Исроил томонидан ишлаб чиқилган Arrow баллистик ракеталарга қарши тизимнинг ҳар бир учирилиши 3,5 миллион долларга тушгани, Эрон дронларини уриб тушириш учун ҳавога кўтарилган самолётларнинг ҳам алоҳида харажати борлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга 200 дан ортиқ учувчисиз учоқлар, қанотли ва баллистик ракеталар учирди. Уларнинг аксарияти Исроил ҳаво ҳудудидан ташқарида – асосан Иордания ҳаво кенгликларида уриб туширилган. Фақат айрим баллистик ракеталаргина Исроил ҳудудига етиб боргани, бирор жуда оз миқдорда зарар етказгани айтилди.

Мавзуга алоқадор