АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларига зарар етказмоқда, дея маълум қилди Исроилнинг ўта ўнгчи миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир The Wall Street Journal (WSJ) нашрига берган интервьюсида.

Агар бу йилги сайловларда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп яна президент бўлса, “Исроилга ҲАМАСни йўқ қилиш учун кўпроқ эркинлик беради”, дейди вазир.

“Байден Исроилни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўрнига, ҲАМАС қўлига ўтаётган Ғазога ёқилғи ва гуманитар ёрдам жўнатиш билан банд. Агар Трамп ҳокимиятда бўлганида, АҚШнинг позицияси бутунлай бошқача бўларди”, — деди Исроил вазирлиги раҳбари.

Бир вақтнинг ўзида, Исроил сиёсий доиралари Бен-Гвирнинг АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятини танқид қилган баёнотларидан норози.

“Бизда ҳатто энг катта ва энг муҳим иттифоқдошимиз билан келишмовчиликлар бўлиши мумкин, аммо уларни ОАВдаги масъулиятсиз баёнотлар орқали эмас, балки тегишли форумларда ҳал қилиш керак”, деб ёзди Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзоси Бенни Ганц Х ижтимоий тармоғида.

Ганц Бен-Гвирнинг баёнотлари ҳозирги вазиятда Исроилнинг стратегик муносабатлари, миллий хавфсизлиги ва ҳарбий саъй-ҳаракатларига зарар етказишини айтди.

Бен-Гвир ички хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш ўрнига Исроилнинг халқаро муносабатларига катта зарар етказди, деди у.

Бен-Гвирнинг WSJ  нашрига берган интервьюси Исроилнинг халқаро обрўси, ҳарбий ҳаракатлари ва хавфсизлигига тўғридан-тўғри зарар етказди, деди Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид. Бен-Гвир ташқи сиёсат ҳақида ҳеч нарсани тушунмаслиги аён бўлди, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида. У, шунингдек, бош вазир Беньямин Нетаняху ўз ҳукуматидаги экстремистлар устидан назоратни ўз қўлига олишга қодир эмаслигини таъкидлади.

31 январь куни парламент йиғилишида сўзга чиққан Бен-Гвир ҳукумат Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашиш бўйича ҲАМАС билан келишувга эришганига яна бир бор рози эмаслигини айтганди.

АҚШни бу борада Исроилга босим ўтказгани учун танқид қилган вазир "Исроил банан давлати эмас", деди.

“Америкаликлар Исроилни огоҳлантирмасдан бошқара бошладиларми? Бундай ҳолда, биз расман Исроил ҳукумати қарорларни қабул қилаётгандек даъво қилишимиз мумкин, аммо бу бизнинг ютқазганимизни англатади. Балки сўл томон ҳам шуни хоҳлаётгандир. Балки улар Байденнинг бизни бошқаришини хоҳлашади”, деди вазир.

Мавзуга алоқадор