Standard & Poor's рейтинг агентлиги эълон қилган статистик маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида жаҳон миқёсида сукук эмиссиясининг умумий ҳажми 91,9 миллиард долларни ташкил этган, деб ёзади Atalayar нашри.

Сукук эмиссияси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бироз ошиб, қиймати 91,3 миллиард долларга етган, экспертларнинг фикрича, йилнинг иккинчи ярмида сукук эмиссияси янада тезлашади.

S&P ҳисоботида биринчи ярим йиллик якунида хорижий валютадаги сукук эмиссияси сезиларли даражада – 23,8 фоизга ошиб, 32,7 миллиард долларга етгани қайд этилди.

Рейтинг агентлиги ҳисоботига кўра, бу ўсишда асосий ҳисса Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Малайзия ва Қувайт эмитентларига тегишли бўлган.

Fitch Ratings  аввалроқ эълон қилган маълумотларга кўра, 2023 йилда дунёда муомалага чиқарилган сукук ҳажми қарийб 850 миллиард долларни ташкил қилган. 2024 йилги S&P ҳисоб-китобларига кўра, чиқарилган янги сукук ҳажми 160-170 миллиардни ташкил этади, шунинг учун бу бозорнинг умумий ҳажми 1 триллион доллардан ошиши мумкин.

Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён исломий сукук облигацияларини чиқаришда тезлашув кузатилган, кўплаб давлат идоралари ва хусусий сектор ўз режаларини амалга оширишда зарур бўлган ликвидликни таъминлаш учун ушбу воситага таянмоқда.

Мавзуга алоқадор