Ливанлик фаол Моҳамад Сафанинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда Исроил Стратегик ишлар вазирлиги буйруғи билан Фаластинни қўллаб-қувватловчи постлар цензура қилинмоқда.

“Фаластин тарафдорлари нишонга олинди ва кўплаб халқаро фаолларнинг аккаунтлари овозларни ўчириш кампанияси туфайли ёпилди”, деди БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ҳузуридаги Patriotic Vision (PVA) ноҳукумат ташкилоти директорлар кенгаши раиси.

Сафа Исроил Ғазони 7 октябрдан бери энг ёмон аҳволга солиб қўйгани,3 ой ичида содир бўлган бу фалокатга дини, тили ва ирқидан қатъи назар, виждонли ҳеч бир инсон бефарқ қола олмаслигини, Исроилнинг жамоавий жазолаш усулларига жавоб берилиши кераклигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳужумларини ҳеч қандай гуманитар ёки ахлоқий нуқтаи назардан тушунтириш ёки оқлаб бўлмайди.

"3 ой ичида Ғазо қарийб жаҳаннам ҳаётини бошидан кечирди. Ҳозир Ғазо аҳолисининг 5 фоизи ўлган, яраланган ёки бедарак йўқолган. 130 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, жумладан 12 минг бола, 6 минг аёл, 130 БМТ ходими ва 105 журналист. Ҳеч нарса йўқ. 12 мингдан ортиқ боланинг ўлдирилишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бу ўзини ҳимоя қилиш эмас ва буни оқлаш мумкин эмас. Бу ҳеч қачон қабул қилиниши мумкин эмас", - деди у.

Сафа жараён бошида ижтимоий тармоқлар Ғазодаги воқеалар ҳақида дунёни хабардор қилишда муҳим роль ўйнагани, аммо бугунги кунда Фаластинни қўллаб-қувватловчи постларни ўчириш учун турли блокировка усуллари қўлланилаётганини айтди.

"Ижтимоий тармоқ платформалари бу урушда жамоатчилик фикрига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатди. Алгоритмлардаги икки томонлама стандартлар, бир томондан, кўпроқ турли хил овозларни эшитиш ва Фаластин фаоллигини ёйиш имконини берди, лекин бошқа томондан дезинформация ва "қора тарғибот, айниқса Исроил томонидан тарқатилганлар кўпроқ фойдаланувчиларга етиб боришига олиб келди. Ижтимоий тармоқларда Фаластин ҳақида трансляция қилувчи аккаунтлар блокланди", - деб таъкидлади ливанлик фаол.

Сафанинг қайд этишича, Исроилни қўллаб-қувватловчи одамлар ва ташкилотлар антисемитизм концепциясини Фаластин тарафдори фаолларга қарши қурол сифатида ишлатмоқда.

"Антисемитизм тушунчаси Фаластинни қўллаб-қувватловчи овозларни ўчириш учун восита сифатида ишлатиляпти. Исроил томонидан содир этилган уруш жиноятларига қарши гапириш антисемитизм эмас. Биз фикрларимизни эркин ифодалай олишимиз лозим. Одамлар хорланган ёки босиб олинган барча инсонлар билан бирдам эканини кўрсатиш имконига эга бўлишлари керак. Кимгадир ўз фикр эркинлигини бериб, кимнидир цензура қилувчи бу икки хил стандартга барҳам бериш зарур”, - дейди фаол.

Сафанинг айтишича, яҳудийликнинг муқаддас китоби Тавротга кўра, бундай ҳарбий жиноятлар содир этилиши мумкин эмас. "Инсон ҳуқуқлари декларациясига кўра, буни амалга ошириш мумкин эмас. Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, буни қила олмайсиз. Сиз буни ҳеч қандай асосда қилолмайсиз. Сиз ё инсоният тарафдорисиз, ёки геноцид тарафдорисиз, акс ҳолда ўрта асос ёки бошқа тушунтириш йўқ”, - дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, Фаластин тарафдорларини қўллаб-қувватловчи одамлар нафақат ижтимоий тармоқларда ҳужумга учрамоқда, балки жамиятнинг турли жабҳаларида ҳам жазоланмоқда.

"Мен таъқиб, таҳдид ва цензурага дучор бўлган журналистлар, талабалар, ишчилар ва бошқа танқидий шахсларга айтмоқчиман: ҳақиқатни гапиришдан қўрқманг. Қадриятларингизга мос келадиган нарсалар ҳақида очиқ гапириш сизнинг карьерангизни туширмайди, лекин ахлоқий қадриятларга тўла карьера сари йўлингизни очади”, - дея қўшимча қилди ливанлик фаол.

Сафанинг аниқлик киритишича, унинг ҳаракатларини тўсишга уринишлар нафақат ижтимоий тармоқларда давом этмоқда, балки БМТ вакили ва БМТ аккредитациясидан ўтган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлишига қарамай, Фаластинни қўллаб-қувватлагани учун ўлим билан ҳам таҳдид қилинган.

“Телефонимдан ва Х давлат идораларининг расмий аккаунтларидан ўзим ва оилам ҳаёти учун таҳдидли хабарлар олдим. Шахсий ҳаётимда ҳам ҳаракатланиш жойим чегараланган, ҳатто кўчада танилганимдан кейин жосуслик қилишди ва номаълум шахслар ортимдан таъқиб қилишди. Мен буни ўзим учун ва менинг аҳволимдаги одамлар учун айтаман; Бизни бу таҳдидлардан ҳеч ким ҳимоя қила олмаяпти. Мен БМТ вакили ва БМТда аккредитациядан ўтган фаол сифатида бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аҳволи бўйича махсус маърузачисига ҳам маълум қилдим. Аммо бу масала бўйича ҳалигача жавоб олмадим”, деб таъкидлади ливанлик фаол.

Мавзуга алоқадор