«Сабаъ (аҳолиси) учун ўз масканларида (Аллоҳнинг фазлига доир) бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ бўлиб, (Биз уларга): “Парвардигорингиз ризқидан баҳраманд бўлинг ва Унга шукр қилинг! (Шаҳрингиз) покиза шаҳар, (Парвардигорингиз) мағфиратли Парвардигордир” (деган эдик). Бас, улар (шукрдан) юз ўгиргач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутазор “боғлар”га айлантириб қўйдик. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу (жазо билан) жазоладик. Биз кофирдан ўзга кимсага жазо берармидик?!» (Сабаъ сураси, 15–17-оятлар).


Қуръонда Сабаъ халқи ва нонкўрлиги сабабли уларнинг бошига келган сел балоси ҳақида сўз боради. Бу офатнинг қандай юз бергани ҳақида батафсил айтилади. Қуръонда “сайлул арим” тарзида ифодаланган фалокат, яъни “арим сели” ўз номи билан унинг майдонга келиш шаклини ҳам билдиради.

“Арим” сўзининг маъноси “тўғон” ёки “тўсиқ” демакдир. “Сайлул арим” эса тўғоннинг бузилиши натижасидаги тошқинни англатади.

Энди Сабаъ халқи ҳақида Қуръонда келган хабарнинг тарихчилар томонидан қай тарзда тасдиқланганига тўхталамиз.

Сабаъ жамоаси Жанубий Арабистонда мавжуд бўлган тўрт катта ҳазоранинг бири эди. Тарихий манбаларда бу қавмнинг феникаликлар каби тижорат ишлари билан шуғуллангани айтилади. Ҳукмдорларининг битикларида “таъмирлаш”, “бағишлаш”, “барпо қилиш” каби сўзлар жуда кўп учрайди. Қавмга оид энг аҳамиятли ёдгорликлардан бўлмиш Маъриб тўғони эса уларнинг технологияда юксак даражага етганининг намоёнидир. Бу иншоотни қуриш билан сабаъликлар суғориш борасида жуда катта ютуқни қўлга киритишганди. Унумдор тупроқ ва савдо йўллари узра ўрнатилган назорат сабабидан фаровон турмуш кечиришарди. Маърибдаги мазкур тўғон орқали суғориладиган майдон тўққиз минг олти юз гектарни ташкил қилар, унинг беш минг уч юз гектари жанубдаги, қолгани эса шимолдаги водийларга тўғри келарди. Улар Сабаъ ёзувларида “Маъриб ва икки водий” деб аталган. Қуръондаги “ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-роғ” ифодаси ана шу водийлардаги кўркам боғу боғчаларга ишора бўлиши мумкин. Ушбу тўғон соясида минтақа Ямандаги энг яхши суғориладиган ва энг сермаҳсул кесим сифатида ном чиқарган.

Француз тарихчиси Холеви ва австриялик археолог Глазер Маъриб тўғони жуда қадим замонлардан бери мавжуд бўлганини ёзма ҳужжатлар орқали исботлашди. Ҳимер лаҳжасида ёзилган ҳужжатларда ўлка тупроқларининг ҳосилдорлиги сабаби мана шу тўғон эканлиги таъкидланган. Унинг бузилиши билан юзага келган сел эса ҳар тарафни вайрон қилди. Сабаъликларнинг тоғлар ўртасини тўсиш учун қурган девори, қазиган каналлари яксон бўлди, суғориш тизими ишдан чиқди. Натижада яшнаб турган боғ мисоли юрт ёввойи ўтларга макон бўлди, бутасимон дарахтлардаги олчага ўхшаш мевадан бошқа бирор мева қолмади.

Яна қавмга тегишли устунлар сиртида Сабаъ тилида ёзилган битиклар ҳам бор эди. Уларни ўрганиб чиққан насроний археолог Вернер Келлер “Муқаддас китоб ҳақ эди” номли китобида бундай дейди: “Арим сели Қуръонда айтилганидек юз берган. Зеро, бундай тўғоннинг мавжуд бўлгани ва бузилиб, бутун шаҳарни хароб қилгани ҳодисаси Қуръондаги боғ эгаларига оид мисол ҳақиқат эканлигини тасдиқлайди”.

Шу ўринда диққатингизни қуйидаги нуқталарга қаратмоқчимиз:

1. Қуръон ўтмишда Сабаъ халқи яшаганини баён этди, тарихчилар қабул қилишди;

2. Қуръон Сабаъ халқининг кўкаламзорлар, боғу роғлар ичра ҳаёт кечирганини зикр қилди, тарихчи олимлар тасдиқлашди;

3. Қуръон мазкур шаҳарда йирик тўғон бўлганини келтирди, тарихчилар қабул қилишди;

4. Қуръон бу тўғон икки боғни суғорганини айтди, тарихчилар “Маъриб ва икки водий” дея буни ҳам эътироф этишди;

5. Қуръон тўғон бузилиши натижасида майдонга келган сел балосини зикр этди, тарихчилар инкор қилишмади;

6. Қуръон селдан кейин боғу гулзорлар хароб бўлганидан хабар берди, тарихчилар қабул қилишди.

Бу эътирофлар шуни англатадики, тарихчилар юқоридаги илмий ҳақиқатларни қабул қилиш билан Қуръон Аллоҳнинг Китоби эканини тасдиқлашди. Зеро, саводи бўлмаган кишининг ўз-ўзидан буларни кашф қилиши ва хабар бериши имконсиз иш.

Саволимиз шуки, Қуръон одамнинг сўзи, деганлар унинг мозийдан етказган бу хабарлари ҳақиқат эканлигини нима билан изоҳлашади? Айни хусусияти билан “Мен – Аллоҳнинг Китобиман” дея садо бераётган Қуръоннинг гулдураган овозини ўзларининг чивин визиллашидек саслари билан бостира олишлари мумкинми?

 

Мавзуга алоқадор