10.01.2025 15:55
Озарбайжон россиялик сиёсатчининг беодоблигини қоралади
Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни ҳақорат қилган рус сиёсатчиси Владимир Карасевнинг сўзлари Москвадаги Озарбайжон элчихонаси томонидан кескин қораланди. Элчихона дипломатик каналлар орқали Россия томонидан Озарбайжон етакчисига нисбатан бундай муносабатларга йўл қўймасликка чақирди.
Карасевнинг ҳақоратли изоҳи Озарбайжон президентининг Оқтовдаги авиаҳалокат учун Россия вакилларини танқид қилганидан кейин пайдо бўлди. У ўз Телеграм каналида Алиевни ҳақорат қилганини рад этиб, испан тилидаги “пидас” атамасига мурожаат қилиб ўзини оқламоқчи бўлган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Карасевнинг баёнотидан бехабар эканини билдириб, Россия ташқи сиёсати президент ва тегишли вазирлик томонидан мувофиқлаштирилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев авиаҳалокат муносабати билан Россияга кечирим сўраш, айбни тан олиш ва компенсация тўлаш талабини қўйганди. Оқтовдаги авиаҳалокат оқибатида 38 киши ҳалок бўлган.