Қирғизистон махсус хизматлари мамлакатда давлат тўнтаришига уринишнинг олдини олди. Бу ҳақда 5 июль куни мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати Инстаграм ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус операция тафсилотларини эълон қилди.

“Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва конституциявий тузум асосларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида зўравонлик ҳаракатларини амалга ошириш, фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ оммавий тартибсизликлар уюштириш орқали ҳокимиятни эгаллаб олиш ва мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришни режалаштирган бузғунчи гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйди, - дейилади хабарда.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Қирғизистоннинг тўрт нафар фуқароси қўлга олинди. Улар тергов изоляторига жойлаштирилди.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ жиноятчилик мафкурасини қўллаб-қувватловчи, шунингдек, ақидапараст диний мафкурани тарғиб қилувчи шахслардан тузилган.

Ҳибсга олинганларнинг яшаш жойи ва фойдаланаётган автотранспорт воситаларини тинтув қилиш чоғида қўлбола портловчи қурилмалар учун бутловчи қисмлар, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, рациялар, зирҳлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг кийим-кечаклари, дронлар, экстремистик адабиётлар, шунингдек, тақиқланган бошқа ашёлар топилган ва мусодара қилинган.

Ҳозирда қўшимча тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.

Мавзуга алоқадор