Амикай Элияху

Радикал қарашлари билан танилган Исроил мерос ишлари вазири Амикай Элияху Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига Синай ярим оролини қайта босиб олишга чақирувчи фикрларини қайта жойлаштирди (ретвит), дея хабар қилди TRT.

Твитда жамоатчилик Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Синай яриморолини ўз ичига олган Исроил харитаси туширилган футболкаларни сотиб олишга чақирилган. Харита ичида эса "Ҳозир ишғол қилиш" шиори ўрин олган.

Элияху Исроилнинг ўта ўнгчи «Оцма Йехудит» партияси аъзоси бўлиб, ушбу партияга бошқа ўнг қанот сиёсатчи – мамлакат миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир етакчилик қилади.

2023 йилда Элияху Ғазо секторида ядро қуролидан фойдаланиш таклифи билан халқаро эътиборни ўзига тортган эди.

2024 йилда эса Рамазон ойи олдидан мусулмонларнинг муқаддас ойини “бекор қилиш”га чақирди. Вазирнинг ўзи Ғарбий Соҳилдаги Римоним номли ноқонуний аҳоли пунктида истиқомат қилади.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ уруши натижасида Синай ярим оролини босиб олган, бироқ бу ҳудуд 1979 йилги Кэмп Девид келишувига биноан 1982 йилда Мисрга қайтарилган.

Мавзуга алоқадор