Европарламент Россияда президентлик сайловлари нодемократик ўтгани тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Қарор учун 493 депутат овоз берди, 11 депутат қарши чиқди, яна 18 нафари бетараф қолди.

Матнда Россиядаги сайловларда “ҳақиқий муқобил номзодлар бўлмагани” айтилади, шунингдек, босиб олинган ҳудудларда овоз бериш ноқонуний деб аталади.
Европарламент депутатлари “Европа Иттифоқи давлатлари ва халқаро ҳамжамиятни Россиядаги президентлик сайловлари натижаларини қонуний деб тан олмасликка” чақирди.

Резолюцияда, бундан ташқари, ЕИга Москва билан муносабатларни минтақавий тинчлик, гуманитар муаммолар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар доирасида чеклаш тавсия қилинган.

Парламент аъзолари Европа Иттифоқи давлатларини “мустақил фуқаролик жамияти ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳамда Россия демократик мухолифатини қўллаб-қувватлашга” чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Кенгаши президенти Шарль Мишель сайлов бўлиб ўтишидан аввал Владимир Путинни ғалаба билан “табриклаган эди”. “Россиядаги сайловларда ғалаба қозонадиган Владимир Путинни олдиндан табриклайман, чунки Россияда мухолифат йўқ, эркинлик, танлов йўқ”, - деб ёзган эди у. Сайлов жараёнида эса РФ фуқаролари томонидан бюллетенларни ёқиш, “зелёнка" қуйиш каби ҳолатлар кузатилганди.

Мавзуга алоқадор