Жорий йилнинг май ойида Олмаота суди "Жибек Жоли" хайрия муассасалари уюшмасининг 26 та бўлимини давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилди. Бу ҳақда "Yeni Şafak" нашри ёзди.

Ҳисоб-китобларга кўра, илгари мамлакат бўйлаб хайрия ташкилотининг 92 та пансионати фаолият юритган. Қозоғистон расмийларининг иддао қилишича, хайрия ташкилотлари мамлакат қонунчилигини бузган. Шунингдек, бу ерда ноқонуний тарзда диний фанлар ўқитилган ҳамда хайрия ташкилотининг турк сўфий жамоати – "Сулаймонжи" билан алоқаси борлиги айтилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, ушбу йўналиш Болгарияда пайдо бўлган, унинг асосчиси Нақшбандия тариқати вакили шайх Сулаймон Хилми Тунахон Ал-Силистреви (1888-1959) ҳисобланади. Шайхнинг издошлари уни "Хатм ал-авлиё" (Авлиёларнинг сўнгги муҳри) ва "Муршид ал-комил" (Мукаммал устоз) дея сифатлашади. Бундан ташқари муридлар устозини Аллоҳ ва шайхга эргашганлар ўртасидаги воситачи деб билади. Айни пайтгача "Сулаймонжи"нинг эътиқоди Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси талабларига мос келиши айтиб келинарди.

Кутилмаганда бир вақтнинг ўзида хайрия ташкилотининг 26 та пансионатларини ёпиш тўғрисидаги қарор Қозоғистон Республикаси Олий судининг пресс-релизида эълон қилинди. Жумладан пресс-релизда шундай дейилган:

"Олмаотанинг ихтисослаштирилган туманлараро иқтисодий судининг қарори билан давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинди ва 26 та хайрия муассасаларининг фаолияти тугатилди. Апелляция судида бу қарор ўзгаришсиз қолдирдили". 

Суд бунга сабаб сифатида хайрия муассасаларининг ўз уставига биноан ишламаганлигини келтирган:

"Ваколатли орган томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Олмаотада хайрия ва таълим соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган 26 та муассасадан фақат 11 таси ишлаганлиги, 15 таси эса келишувда назарда тутилган жойида ишламаганлиги аниқланди. Муассасалар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган қатор қонунбузарликларга йўл қўйган.

Шунингдек, архитектура, шаҳарсозлик, ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария-эпидемиология нормалари, диний, хайрия ва молия-хўжалик фаолияти соҳасида мавжуд талабларни қўпол равишда бузган. Айниқса ташкилотнинг баъзи бўлимларида тегишли лицензиясиз диний таълим берилган", – дейилади суд қарорида.

Таъкидланишича, айни пайтда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан "Жибек Жоли" билан меморандум бир томонлама бекор қилинган. Қонун нормаларини бузган хайрия муассасалари ва уларнинг раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Маълумотларга кўра, ушбу пансионатларни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш тўғрисидаги даъво Олмаота прокуратураси томонидан қўзғатилган бўлиб, аслида ўтган йилнинг бошидаёқ "Сулаймонжи"га қарши кенг кўламли ҳужум бошлангани сезилиб қолган эди. Айниқса Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ўнлаб бир хил турдаги "фош қилувчи материаллар" тайёрланди. Уларнинг аксарияти "Олмаота шаҳар дин ишлари бошқармаси кўмагида" ёки "Давлат буюртмаси" рубрикаси остида эфирга узатилган.

Мавзуга алоқадор