“Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилиб қўйдик...” (Бақара, 143)
Шунингдек, сизларни... ўрта уммат қилиб қўйдик...” оятининг маъноси, Имом Қуртубийга кўра, Каъба ер юзининг ўртаси бўлгани каби, сизларни ўрта уммат қилдик. Яъни, пайғамбарлардан кейин, бошқа бутун умматлардан устун уммат қилдик. 
“Васат” – “адолатли”, “ўртаҳол”, “мўътадил”, “энг яхши” демакдир. Абу Саид Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ таолонинг “Шунингдек, сизларни... ўрта уммат қилиб қўйдик...” ояти каримасини “Адолатли” деб тафсир қилганлар (Термизий).
Бошқа бир оятда: “(Шунда) уларнинг ўртаҳолроғи айтди...” (Қалам, 28) деб марҳамат қилинган. Бу ўринда “васат” сўзининг “ўртаҳол”, “мўътадил” маъноси кўзда тутилган.
Ўрта уммат – умматларнинг яхшиси демакдир. Зеро, “Ҳар бир нарсада ўрта ҳоллик яхшидир”, деган ҳикматли сўзга ҳеч ким эътироз билдирган эмас. Яна бир маъноси – қиблаларингни ер куррасининг ўрта қисмида қилганимдек, ўзларингни ҳам ўртаҳол уммат қилдим. Яъни, яҳудийлардек Марямни зинокорга ҳам чиқармайдиган, насронийлардек Исони Аллоҳнинг ўғли деб илоҳийлаштирмайдиган ўрта, адолат мақомида бўлурсизлар. 
“...сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун...” мазмунидаги ояти каримадан Қиёмат куни Маҳшар майдонида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг барча пайғамбарлар фойдасига, уларнинг қавмига қарши гувоҳлик беришлари тушунилади. Қиёмат куни бошқа пайғамбарларнинг умматлари ўз пайғамбарларини тан олмасдан: “Бизга Аллоҳни танитмаган, буйруқларини етказмаган”, деб даъво қилар эканлар. Шунда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидан сўраганида: “Биз гувоҳлик берамиз, ўтган ҳамма пайғамбарлар Аллоҳнинг буйруқларини ўз умматларига мукаммал етказганлар”, дер эканлар. “Сизлар буни қаердан биласиз?” дейилганда, улар: “Бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон орқали етказганлар”, деб Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳ қилиб кўрсатар эканлар.
Бошқа бир гуруҳ илм аҳлларига кўра, оятнинг маъноси бандаларнинг ўлимдан кейин бир-бирларига қарши гувоҳлик беришлари билан боғлиқдир. Чунончи Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган бундай мазмундаги ҳадис бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан бир майит олиб ўтилди. Саҳобалар марҳум ҳақида яхши гапларни айтишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта: “Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди”, дедилар. Бир оздан кейин одамлар яна бир майитни олиб ўтишди. Бу сафар асҳоби киром майитни ёмонлашганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна олдингидек уч марта: “Вожиб бўлди, вожиб бўлди, вожиб бўлди”, дедилар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ота-онам Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Олдин бир майит олиб ўтилди, у ҳақида яхши гаплар айтилди, Сиз уч марта: “Вожиб бўлди”, дедингиз. Кейин яна бир майит олиб ўтилиб, у ҳақида ёмон гаплар айтилганида ҳам уч марта “Вожиб бўлди”, дедингиз. (Бунинг сабаби нима?)” деб сўраганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб берганлар: “Сизлар яхши гаплар билан эслаб, мақтаган кишига жаннат вожиб бўлди. Сиз ёмонлаган кимсага эса, дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги гувоҳларисиз, сизлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги гувоҳларисиз, сизлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги гувоҳларисиз!” (Имом Муслим). Бу ҳадисни шунга яқин мазмунда Имом Бухорий ҳам ривоят қилган. Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий ва Муслимда келмаган ривоят йўлларидан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “...сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун...”оятини ҳам ўқиганлар (“Наводирул усул”).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтаётганларини эшитдим: “Менинг умматимга фақат пайғамбарларга берилган учта нарса берилган: 
 Аллоҳ таоло бир пайғамбарни юборганида унга: “Менга дуо қил, дуойингни қабул қилайин” деган. Бу умматга ҳам: "Менга дуо қилинглар, Мен сизларга (дуоларингизни) мустажоб қилай" (Ғофир, 60), деб марҳамат қилди;
 Аллоҳ таоло бир пайғамбарни юборганида унга: “Аллоҳ дин борасида сенга бирор қийинчилик қилмаган” деган. Бу умматга ҳам: “...динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади...” (Ҳаж, 78) деб марҳамат қилди;
 Аллоҳ таоло бир пайғамбарни юборганида уни қавмига қарши гувоҳ қиларди. Бу умматни эса, бутун инсониятга қарши гувоҳ қилди” (Ҳаким Термизий, “Наводирул усул”).
 “...Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун...” ояти каримаси “Қиёмат кунида амалларингизга гувоҳлик бериши учун”, “сизларнинг фойдангизга, яъни имон келтириб, солиҳ амаллар қилганингизни тасдиқлаши учун” ёки “сизга қарши – Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини сизга етказгани ҳақида гувоҳлик бериши учун” каби маъноларда шарҳланган.
Уламоларимиз айтадилар: “Аллоҳ таборак ва таоло Китобида бизларга адолатли деб сифатлади ва бутун яралмишларга гувоҳ бўлишни зиммамизга юклаганининг хабарини берди ҳамда вақт жиҳатидан энг охирги бўлсак ҳам, мақом ва мавқе жиҳатидан биринчи ўринга чиқарди. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз энг сўнггимиз (аммо) биринчилармиз”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти)”.

Тафсир китоблари асосида 
Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.

Мавзуга алоқадор