05.05.2025 19:08
74

Ҳиндистон ва Покистон жанговар тайёргарликни оширмоқда

Ҳиндистон ва Покистон ўртасида зиддият тобора кучаймоқда. Bharat 24 нашрининг ёзишича, Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари бош қўмондони, авиация бош маршали А. П. Сингҳ Покистон билан чегарада ҳаво кучлари тўлиқ жанговар тайёргарликка келтирилганини маълум қилди.


Унга кўра, “Rafale” русумидаги замонавий қирувчи самолётлар олдинги ҳарбий аэродромларда жойлаштирилган ва узоқ масофали парвозлар бўйича машғулотлар узлуксиз давом эттирилмоқда.


“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тўлиқ фаоллаштирилган. Чегарани бузишга ёки ҳар қандай ҳарбий фаолиятга зудлик билан жавоб қайтаришга тайёрмиз”, дейилади Bharat 24 мақоласида.


Шу билан бирга, Покистон расмийлари ҳам ҳарбий тайёргарлик кўраётганини эълон қилди. The Times of India нашрининг хабарига кўра, Покистон армияси Fatah серияли “ер-ер” ракетасини синов тариқасида муваффақиятли учирди. 


Ушбу ракетанинг учиш масофаси 120 километрни ташкил этади ва у Покистон армиясининг навбатдаги ҳарбий машғулотлари пайтида синовдан ўтказилган.


“Бундан мақсад ушбу қуролнинг асосий техник параметрларини, жумладан, ракетанинг илғор навигация тизими ва унинг аниқлигини текширишдир”, дейилади Покистон Қуролли кучлари баёнотида.


Эслатиб ўтамиз, мазкур сиёсий можаро 22 апрель куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги Паҳалгам шаҳрида содир бўлган қонли ҳужум ортидан кучайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.