Трамп зулм рамзи бўлган “Алькатрас” қамоқхонасини қайта очмоқчи
Оқ уй раҳбари мамлакатдаги жиноятчиликка қарши кураш доирасида тарихий “Алькатрас” қамоқхонасини кенгайтирилган ва замонавийлаштирилган шаклда қайта очишни буюрди.
РБК. новости нашрнинг ёзишича, Трамп бундай ёндашув билан энг хавфли ва шафқатсиз жиноятчиларни жамиятдан ажратиб қўйиш орқали тартиб ва хавфсизликни таъминлашга интилмоқда.
У бу бўйича ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйидагича изоҳ қилдирди:
“Америка жуда узоқ вақт давомида жамиятимиз учун хавф туғдирувчи, ёвуз ва такроран жиноят содир этувчи шахслар қўлида азоб чекди. Улар жамиятга фақат азоб-уқубат олиб келади. Вақти келиб, биз яна жиддий ва қатъиятли давлат бўлишимиз, энг хавфли жиноятчиларни панжара ортига ташлаб, бегуноҳ фуқаролар хавфсизлигини таъминлашимиз зарур. Биз энди серияли жиноятчиларнинг кўчаларимизда қон тўкиши ва тартибсизлик тарқатишига тоқат қилмаймиз. Шу боис Федерал қамоқхоналар бюросига Адлия вазирлиги, ФҚБ ва Ички хавфсизлик департаменти билан ҳамкорликда “Алькатрас” қамоқхонасини замонавий стандартлар асосида тиклаш ва ишга тушириш бўйича топшириқ бердим”.
Унинг таъкидлашича, бу ташаббус қонун устуворлигини тиклаш ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Маълумот учун, Сан-Франциско соҳилидаги оролда жойлашган “Алькатрас” қамоқхонаси 1934 йилдан 1963 йилгача фаолият юритган бўлиб, жиноят оламининг машҳур вакили Ал Капоне ҳам айнан шу ерда жазони ўтаган.
Қамоқхона ўзининг қочиб бўлмас даражадаги хавфсизлик тизими билан машҳур бўлган. 1963 йилда расмий равишда ёпилган бўлиб, ундан кейин асосан тарихий ва туристик обьект сифатида фойдаланиб келинган.