Украинага АҚШдан яна Патриот ҳаво мудофаа тизимлари етказилади
АҚШ Украинага исроилда жойлаштирилган ва ҳозирда капитал таъмирдан ўтказилаётган Патриот ҳаво мудофаа тизимини ёзгача етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.
Манбага кўра, Киевга қўшимча равишда, Германия ёки Греция орқали яна бир Патриот тизими етказилиши бўйича Европа иттифоқи мамлакатлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Айтилишича, бу ёрдам Россиянинг Украина ҳудудларида кучайиб бораётган ракета ҳужумлари фонида амалга оширилмоқда. Хабарингиз бор, 24 апрель куни Киевга уюштирилган ҳужум натижасида 12 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган эди.
Украинада ҳозирда саккизта Патриот тизими мавжуд бўлиб, уларнинг олтитаси фаолиятда, иккитаси эса таъмирда. Ёзгача етиб келадиган исроил тизими ҳамда Европадан кутилаётган қўшимча қурилма билан бу кўрсаткич 10 тага етиши мумкин.
Бироқ, мутахассислар ушбу тизимнинг нисбатан эски модел эканини таъкидламоқда. Маълум бўлишича, патриот мажмуаси қурилиши бир миллиард доллар атрофида баҳоланади ва уни хизматда ушлаб туриш учун 90 нафар ҳарбий хизматчи зарур.
Маълумот учун, АҚШ ва Европа давлатлари умумий ҳисобда 180 дан ортиқ Патриот тизимига эга. Улардан 40 таси Европа мамлакатларида жойлашган. Украинага берилаётган тизимлар бу мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, президент Зеленский АҚШ билан фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик битимлари орқали қўшимча ҳарбий ёрдам олишга умид билдирган эди. Трамп маъмурияти эса аввалроқ Патриот тизимларини Европа орқали сотиб олиш вариантини таклиф қилганди.