04.05.2025 17:19
46

исроил* минглаб фаластинлик маҳбусларни ўлимга маҳкум қилмоқда

Брюссельда бўлиб ўтган Европа иттифоқининг Фаластин маҳбусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги конференциясида Фаластин маҳбуслари уюшмаси раиси Абдулла ал-Зағарий исроил* қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларнинг оғир аҳволи юзасидан жиддий баёнот берди.


Унинг таъкидлашича, минглаб фаластинлик маҳбуслар қийноқлар, шафқатсиз муомала ва тиббий бепарволик сабаб ҳалок бўлмоқда. У бу сиёсатни “маҳбусларни жисмоний ва руҳий жиҳатдан емириб, уларни йўқ қилишга қаратилган тизимли амалиёт”, деб атади.


“исроил* қамоқхоналаридаги шароитлар фаластинликлар учун ҳақиқий қийноқ марказларига айланган. Бу жиноятлар бевосита инсониятга қарши жиноятлар тоифасига киради”, деди уюшма раиси.


Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатни озод этилган маҳбусларнинг гувоҳликлари ҳамда қамоқхонадаги шарт-шароитларни ўрганаётган адвокатлар томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ҳам тасдиқлайди.


Ал-Зағарий, шунингдек, маҳбусларнинг очлик, зўравонлик, жумладан, жинсий зўравонликка дуч келаётгани ва бу муаммоларга мутлақо эътибор берилмаётганини таъкидлади. Қамоқхоналар ичида юқумли касалликлар кенг тарқалаётгани, бироқ етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақида ҳам огоҳлантирди.


Маълум бўлишича, 2023 йил 7 октябрда Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён тиббий хизмат кўрсатилмагани сабаб ўнлаб фаластинлик маҳбуслар ҳаётдан кўз юмган.


Фаластин маҳбуслари уюшмаси раҳбари халқаро ҳуқуқий институтларни ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ўз мажбуриятларини бажаришга, исроил*нинг бу тизимли қонунбузарликларига қарши қатъий чоралар кўришга чақирди.


“Халқаро ҳамжамият бефарқликдан чиқиб, исроилнинг бу ваҳшиёна сиёсатига нисбатан аниқ позиция билдиришга ва амалий чоралар кўришга мажбур,” деди у.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.