26.04.2025 19:30
79

Эронда кучли портлаш: 4 киши қурбон бўлди

Эрон жанубида жойлашган Бaндaр-Аббос шаҳридаги, Ислом Инқилоби Гвардияси Корпусининг асосий денгиз базаси жойлашган ҳудудда кучли портлаш содир бўлди.


“Rokna” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, портлаш зарбаси шу даражада кучли бўлганки, ҳатто яқин атрофдаги шаҳар аҳолиси ҳам уни сезган. Бир неча километр радиусдаги биноларнинг деразалари портлаш тўлқини таъсирида синиб кетган.


Сўнги маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида тўрт киши ҳалок бўлган, 516 киши жароҳат олган. Бир нечта бинолар эса жиддий зарар кўрган. 


Эрон манбаларининг таъкидлашича, портда Хитойдан келтирилган суюқ ва қаттиқ турдаги ракета ёқилғиси захиралари сақланаётган бўлган.


Маълумотларга кўра, шу йилнинг 11 апрел куни “Шаҳид  Ражаъий” портига Хитойдан биринчи партия — тахминан 1000 тонна ракета ёқилғиси учун мўлжалланган кимёвий моддалар етказиб келинган эди.


РИА новости нашри содир бўлган кучли портлашга ёнилғи сақланадиган резервуарнинг ёниб кетиши сабаб бўлганлигини маълум қилди.


Портнинг юк терминали бошлиғи Пажмон Беҳзодпурнинг таъкидлашича, ушбу портлаш юк қабул қилиш терминалига ва хавфли юклар сақланадиган омборга алоқадор эмас.


Эроннинг Нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўйича Миллий компанияси ҳодиса мамлакатдаги нефт инфратузилмасига — нефтни қайта ишлаш заводлари ва қувурлар тизимига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаганини маълум қилди. Уларнинг барчаси одатдаги тартибда фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.