25.04.2025 07:37
76

“Моди, урушни хоҳлайсизми? Унда бошланг” — Покистон Мудофаа вазирлиги

Покистон Мудофаа вазирлиги Ҳиндистон билан ҳарбий тўқнашувга тайёр эканини билдирган бир қатор хабарлар ва видеоларни Х ижтимоий тармоғи орқали эълон қилди. Эълонларда Покистон ҳукумати Ҳиндистонга очиқ таҳдидлар йўллаб, бу давлат ҳудудидаги минтақалардан бирини “йўқ қилиб ташлаш”га тайёрлигини айтди.


Мудофаа вазирлигининг илк постида ракета учирилаётгани тасвирланган. Пост тагида эса қуйидаги жумлалар келтирилган: “Раҳмат, Моди, сен халқимизни бирлаштирдинг. Урушни хоҳлайсизми? Унда бошланг. Покистон тайёр.”


Кейинги видеода эса ҳарбий зобит саф тортган аскарлар қаршисида туриб, шундай нутқ сўзлаган: “Покистон – Жанубий Осиёдаги ягона давлатки, у ҳеч қачон Ҳиндистон ҳукмронлигини тан олмайди ва ҳеч қачон қўрқитишга бўйсунмайди”.


Вазирлик саҳифасида шунингдек, бир нечта бошқа видеолар ҳам жойлаштирилган бўлиб, уларда ракета тизимлари ишга туширилгани акс этган.


Украинадаги “Strana.ua” нашрининг маълумотларига кўра, видеоларда кўрсатилган ракета тизими – Покистонда ишлаб чиқилган “Fath-2” деб номланган кўп марталик ракета отиш тизими (RSZO) бўлиб, у 400 километргача узоқликдаги нишонларни уриб тушира олади.


“Касуредан (Покистондаги шаҳар) Ню-Деҳлига бўлган масофа 383 км. Покистон RZSO соҳасида Ҳиндистондан жиддий устунликка эга,” – дейилади твитлардан бирида.


Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳам Покистон, ҳам Ҳиндистон ядро қуролларига эга давлатлардир. Ҳар иккала мамлакатнинг ядро арсеналида тахминан 160 та ядро каллаки бор.


Эслатиб ўтамиз, мазкур сиёсий можаро Ҳиндистон ҳукумати 22 апрел куни Кaшмирда юз берган теракт ортидан чақирилган фавқулодда йиғилишда Покистонга қарши кескин чораларни эълон қилганидан сўнг юзага келди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.