16.03.2025 04:38
216

Трамп Яманни бомбардимон қилди – қурбонлар бор

“АҚШнинг Яманнинг Сано вилоятига уюштирган зарбалари оқибатида камида тўққиз нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди ва яна тўққиз киши жароҳат олди”, деб хабар берди ҳусийлар назорати остидаги Яман Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили.


Ташкилот матбуот хизмати маълумотига кўра, АҚШ зарбалари Санонинг шимолий туманидаги турар-жой мавзеларига берилган. Яна бир хабарда эса, Сано аэропорт мажмуаси ҳудуди устида қора тутун кўтарилаётгани айтилган. France 24 ушбу ҳудудда йирик ҳарбий объект жойлашганини маълум қилган.


Бундан аввал, АҚШ президенти ижтимоий тармоқ орқали Яманнинг пойтахти Сано шаҳрига қатор ҳаво ҳужумларини амалга ошириш бўйича буйруқ берганини маълум қилган эди. У ҳусийлар Аден кўрфазидаги Исроил кемаларига ҳужумларини тўхтатмагунча, “ҳалокатли кучни тўлиқ қўллаш”ни ваъда қилган.


“Бугун мен АҚШ қуролли кучларига Ямандаги ҳусий террорчиларига қарши қатъий ва кучли ҳарбий амалиётларни бошлашни буюрдим. Ҳусийларни ҳужумларни дарҳол тўхтатишга чақираман, акс ҳолда сиз илгари ҳеч қачон кўрмаган дўзах сизга тушади”, деб ёзган Трамп.


Шунингдек, у ўз постида Эронни ҳам огоҳлантириб, Теҳронни “ҳусий террорчиларини қўллаб-қувватлашни дарҳол тўхтатишга” чақирди. Акс ҳолда, “Америка сизни жавобгарликка тортади!”, дея таҳдид қилган.


Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Ғазо секторида олиб борилаётган ҳарбий кампанияси давомида ҳусийлар Исроилнинг 100 дан ортиқ савдо кемаларига ракета ва дрон зарбалари йўллаган. Январь ойида Исроил томони Ғазодаги урушни тўхтатишга рози бўлгач, ҳусийлар Нетаньяху ҳукуматини жиддий огоҳлантирган ҳолда ҳужумларини тўхтатган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.