13.01.2025 17:16

Суриядаги Мисрлик мухолифатчи Сисига таҳдид қилди

13 январь куни Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисига қарши янги таҳдидлар тарқалди. Сурия мухолифатининг фаоли Аҳмад ал-Мансур ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида «Навбат сенга, диктатор» хештегидан фойдаланиб, ас-Сисини Башар Асаднинг тақдирини такрорлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

"Arabi21" маълумотларига кўра, ал-Мансурнинг отаси ва амакиси, бир неча қариндошлари Мисрда ҳибсга олинган. Бу воқеа унинг мухолиф муносабатини янада кучайтириб, ас-Сисидан зудлик билан истеъфога чиқиш, армияни сиёсатдан узоқлаштириш ва сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилишга сабаб бўлди.

Миср ички ишлар вазирлиги фавқулодда йиғилиш ўтказиб, ал-Мансур кампаниясига қарши чоралар кўришни муҳокама қилди. Миллий хавфсизликка таҳдид энг юқори даражага кўтарилди.

Ал-Мансур, шунингдек, инфляция, валюта танқислиги ва ташқи қарзларнинг ортиб бориши сабабли Миср иқтисодиётининг оғир аҳволини танқид қилмоқда. Президентга қарши ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мурожаатлар ва ҳукуматга нисбатан кескин фикрлар ортиб бормоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.