БРИКС қандай ташкилот, унинг кенгайиши АҚШга таҳдидми?
БРИКС – Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка ҳамда янги беш аъзодан иборат норасмий гуруҳ бўлиб, ривожланаётган иқтисодиётларнинг глобал тартиботдаги таъсирини оширишга интилмоқда. 2009 йилда ташкил этилган БРИКС халқаро институтларнинг Ғарб давлатлари томонидан аёвсиз бошқарилиши ва ривожланаётган мамлакатларга хизмат кўрсатмай қўйганлигини асосий ғоя қилиб олган. Блок аъзоларининг иқтисодий ва дипломатик сиёсатини мувофиқлаштириш, янги молиявий институтлар ташкил этиш ва АҚШ долларига қарамликни камайтириш ташкилотнинг асосий мақсадларидандир.
Бироқ БРИКС бир қатор масалалар, жумладан АҚШ билан муносабатлар ва Россиянинг Украинага босқини бўйича ички келишмовчиликларга эга. Баъзи таҳлилчилар блок Ғарб бошчилигидаги халқаро тартиботни заифлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирса, бошқалар унинг ўз валютасини яратиши ва мавжуд институтларга муқобил тизим ишлаб чиқиш режалари амалга ошмас орзу эканини айтяпти.
БРИКСнинг аҳамияти
Бу коалиция расмий ташкилот эмас, балки умумий мақсад
атрофида иқтисодий ва дипломатик ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи Ғарбга мансуб
бўлмаган иқтисодиётларнинг эркин бирлашмасидир. БРИКС мамлакатлари Жаҳон банки,
Еттилик гуруҳи (G7) ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби йирик кўп томонлама гуруҳларда
Ғарб нуқтаи назари устунлик қилишига муқобил тизим яратишга интилмоқда.
2024 йилдаги гуруҳнинг кенгайиши бир қатор геосиёсий
оқибатларга олиб келади. Бу ўсиб бораётган иқтисодий ва демографик салоҳиятни
англатади: ўнта БРИКС мамлакатлари энди жаҳон иқтисодиётининг чорак қисмидан
кўпроғини ва дунё аҳолисининг деярли ярмини ташкил этади. Гуруҳ Ғазо сектори ва
Украинадаги урушлар, глобал иқтисодий тизимнинг шаклланиши, Хитой ва Ғарб
ўртасидаги рақобат ҳамда тоза энергияга ўтиш жараёнларига таъсир ўтказишга уриняпти.
Бироқ аъзоликнинг кенгайиши янги муаммоларни ҳам келтириб
чиқармоқда, жумладан Ғарб мамлакатларининг қаршилиги ва блок ичидаги
келишмовчиликлар кучаймоқда. Мутахассисларнинг фикрича, БРИКС аъзолари бу
зиддиятларни қандай ҳал қилиши гуруҳнинг халқаро майдонда янада яхлитроқ овозга
айланиши мумкинлигини белгилайди.
БРИКС тарихи
Бу атама дастлаб 2001 йилда Goldman Sachs иқтисодчиси Жим
О’Нил томонидан ўйлаб топилган бўлиб, у ўзининг тадқиқотида ўша пайтдаги “БРИК”
мамлакатлари (Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой) ўсиши G7 бой
иқтисодиётларига рақобат қила олишини таъкидлаганди.
Россия 2009 йилда БРИКнинг биринчи расмий саммитига
мезбонлик қилди. Жанубий Африка эса бир йилдан сўнг Хитойнинг таклифига биноан
қўшилиб, ўн йилдан ортиқ давом этган беш давлатли гуруҳни шакллантирди.
Кейинги кенгайиш тўлқини БРИКСнинг 2023 йилги саммитида
бўлиб ўтди, унда олтита янги давлатларга – Аргентина, Миср, Эфиопия, Эрон,
Саудия Арабистони ва Бирлашкан Араб Амирликлари (БАА)га таклифномалар юборилди.
Аргентинадан ташқари барча давлатлар таклифни қабул қилди. Аргентинанинг янги
сайланган президенти Хавьер Милей мамлакат Ғарбнинг “этагидан тутиши”га ваъда
бериб, “коммунистлар билан иттифоққа киришмаслигини” айтди. Маълумотларга кўра,
Саудия Арабистони аъзоликни қабул қилган, аммо батафсил тушунтириш бермасдан
расман қўшилишни кечиктирмоқда.
БРИКСнинг вазифаси нима?
БРИКС давлат раҳбарлари ҳар йили йиғилади. Ҳар бир давлат
устувор вазифаларни белгилаш ва саммитни ўтказиш учун бир йиллик раисликни ўз
зиммасига олади. Блок консенсусга асосланган қарор қабул қилишга таянади ва
асосан норасмий: унинг аниқ белгиланган низоми, котибияти ёки умумий маблағлари
йўқ.
БРИКС кўп томонлама институтларда ривожланаётган
иқтисодиётлар нуқтаи назарининг ягона фронтини яратишга интилади. Гуруҳ БМТ
Хавфсизлик Кенгашини кенгайтириш каби мавжуд институтларни ислоҳ қилишни ҳам,
ушбу институтлар доирасида музокаралар блокларини шакллантиришни ҳам мақсад
қилган.
Мисол учун, БРИКСга аъзо кўплаб давлатлар Россиянинг
Украинадаги урушини БМТ томонидан қоралашга қарши чиқди ва Эроннинг ядро
дастури ҳамда Афғонистон, Ғазо, Ливия ва Суриядаги можаролар бўйича умумий
позицияларни шакллантиришга интилди.
2008 йилдаги глобал инқироз БРИКС мамлакатларига қаттиқ
зарба берди, бу эса гуруҳни тариф сиёсати, муҳим ресурслар экспортини чеклаш ва
инвестициялар каби масалаларда иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратишга ундади.
Блокнинг йиллик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими сўнгги йилларда
секинлашган бўлса-да, 2001 йилдан 2021 йилгача тўрт баравардан кўпроқ ўсди.
Глобал операцияларда долларнинг ҳукмронлигидан, бу уларни
Ғарб санкцияларига дучор қилаётганидан, тобора норози бўлаётган БРИКС
етакчилари узоқ вақтдан бери маҳаллий валюталарда савдони кўпайтириш ёки ҳатто
гуруҳнинг потенциал умумий валютаси фойдасига долларсизлаштиришни тарғиб қилиб
келмоқда.
Гуруҳнинг Янги тараққиёт банки (ЯТБ) ва Шартли захира битими
(ШЗБ) мос равишда Жаҳон Банки ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўрнини босиши
кўзда тутилган. БРИКС аъзолари муқобил кредит институтлари “Жануб-Жануб”
ҳамкорлигини кучайтириб, анъанавий молиялаштириш манбаларига қарамликни
камайтиришига умид қилмоқда.
БРИКС молия институтлари қанчалик самарали бўлди?
ЯТБ ва ШЗБ Иккинчи жаҳон урушидан сўнг етакчи саноатлашган
мамлакатлар томонидан асос солинган асосий глобал молиявий тизим – Бреттон-Вудс
келишувининг муқобили сифатида ишлаб чиқилган. Глобал Жанубнинг кўплаб
мамлакатлари ушбу институтлар, айниқса Жаҳон банки ва ХВЖ, камбағал
мамлакатларнинг эҳтиёжларини, хусусан иқлим молиялаштириши каби соҳаларда қондира
олмаяпти деб ҳисоблайди.
“Бу тизим бой мамлакатлар томонидан бой мамлакатларга фойда
келтириш учун яратилган”, дея таъкидлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. Унинг айтишича, “Бреттон-Вудс келишуви
музокара столига Африканинг деярли бирорта ҳам мамлакати ўтирмаган”.
Иккала институт ҳам турлича ишлайди. Валюта инқирози пайтида
ёрдам берадиган БРИКС марказий банклари ўртасидаги умумий жамғарма бўлган ШЗБ
фақат БРИКС мамлакатлари билан чекланган, 2021 йилда эса ЯТБ бошқа
ривожланаётган бозор мамлакатларида хусусий лойиҳаларни молиялаштиришни
бошлади.
Шунга қарамай, ЯТБ Жаҳон банкидан беш баравар кичикроқ ва
экспертлар унинг ўрнини тўлиқ боса олишига шубҳа билдирмоқда.
БРИКС валютаси долларнинг ўрнини боса оладими?
БРИКС мамлакатлари ўн йилдан ортиқ вақт давомида халқаро
савдода АҚШ долларининг устуворлигини камайтиришга ҳаракат қиляпти: биринчи
навбатда савдода ўз валюталаридан, айниқса Хитойнинг “ренминбиси”дан
фойдаланишни кўпайтириш орқали. Шунингдек, БРИКС доирасида янги валютани жорий
этиш учун туртки мавжуд, унинг асосий тарафдори Бразилия президенти Луис Инасиу
Лула да Силва ҳисобланади. 2023 йилги саммитда илгари сурилган бошқа пул
таклифларига янги криптовалюта яратиш ёки БРИКС валюталарининг бирлашган
саватчасидан фойдаланиш киради.
Баъзи экспертларнинг фикрича, бундай амбицияларга эришиш
мушкул. БРИКС валютаси йирик сиёсий келишувларни, жумладан, банк иттифоқи,
фискал иттифоқ ва умумий макроиқтисодий яқинлашувни талаб қилади.
Узоқ вақтдан бери дунёнинг асосий захира валютаси бўлган доллар
ҳали ҳам глобал савдонинг 80 фоизидан ортиғида қўлланилади ва кўплаб экспертлар
БРИКСнинг янги захира валютаси глобал транзакциялар учун етарлича барқарор ёки
ишончли эмаслигини айтишмоқда.
БРИКС аъзоларини нима ажратиб туради?
БРИКС мамлакатлари ўз иқтисодий стратегияларини амалга
оширишдаги қийинчиликлардан ташқари, аъзо давлатлар ўртасида ички зиддиятлар
ҳам мавжуд. Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги бир неча ўн йиллик чегара низоси,
шунингдек, Глобал Жанубнинг иқтисодий ва геосиёсий етакчилиги йўлидаги рақобат
туфайли муносабатлар кескинлашди. Гуруҳ аллақачон қарорлар қабул қилишда
муаммоларга дуч келган; сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган ташқи ишлар
вазирларининг учрашувида раҳбарлар БМТ Хавфсизлик Кенгашига янги аъзоларни
қўшиш жараёнини соддалаштирадиган модель таклиф қилишга уринишди, аммо гуруҳ
келишувга эриша олмади.
Россиянинг Украинага босқини ҳам бўлинишларни чуқурлаштирди.
Бу Ғарб бошчилигидаги санкциялар ва Россия билан савдони тўхтатиш учун
дипломатик босимни келтириб чиқарди. БРИКС аъзоларининг аксарияти ўрта йўлни
танлади, бошқа аъзолар эса Ғарб санкцияларини эътиборсиз қолдирди. Баъзи
таҳлилчилар нефть ва бошқа зарур маҳсулотларга нисбатан санкциялар аслида БРИКС
давлатларини ўзаро яқинлаштираётганини айтишмоқда.
Шу билан бирга, аъзо мамлакатлардаги иқтисодий ва сиёсий
беқарорлик БРИКС саъй-ҳаракатларига бўлган ишончни сусайтирди. Сўнгги ўн йил
ичида Бразилия ва Жанубий Африка узоқ йиллик таназзул, сурункали коррупция ва
инфратузилманинг емирилиши билан тўқнаш келди. Бошқа асосий бўлиниш чизиқларига
демократлар ва авторитарлар ўртасидаги зиддиятлар ҳамда Саудия Арабистони ва
Эрон, Миср ва Эфиопия ўртасидаги келишмовчиликлар киради.
БРИКС нима учун кенгаймоқда?
Аъзоликни кенгайтиришга интилиш блокдаги яна бир бўлиниш
чизиғидир. Хитой ва Россия кенгайишни ёқлаб чиқди, Бразилия ва Ҳиндистон эса бу
ўз таъсирини сусайтиришидан хавотирда эди.
Миср ва Эфиопиянинг қўшилиши Африка қитъаси учун манфаатли.
Миср, шунингдек, Хитой ва Ҳиндистон билан яқин савдо алоқаларига ҳамда Россия
билан сиёсий алоқаларга эга. Хитой узоқ вақтдан бери Саҳройи Кабирдан жанубдаги
учинчи йирик иқтисодиёт бўлган Эфиопияни ўзига жалб қилиб келган: Пекин ушбу
мамлакатга “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида миллиардлаб доллар сармоя
киритган.
Саудия Арабистони ва БААнинг қўшилиши араб дунёсидаги иккита
энг йирик иқтисодиётни ҳамда дунёда иккинчи ва саккизинчи йирик нефть ишлаб
чиқарувчиларни гуруҳга олиб киради. Улар, шунингдек, бошқа минтақаларда
воситачилик ролини ўйнайдилар: Саудия Арабистони Судандаги фуқаролар уруши ва
Украинадаги уруш бўйича тинчлик музокараларини олиб бормоқда. БАА
Ҳиндистон-Покистон барқарорлик музокараларини ўтказмоқда ва иккала давлат ҳам
ўнлаб йиллар ичида биринчи бор Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш
масаласини кўриб чиқяпти.
Бироқ янги аъзоларнинг кириши Ғарб билан муносабатларга оид
саволларни ҳам ўртага ташлайди. Эрон ва Россия – АҚШ таъсирига қарши ашаддий
рақиблар, Хитой эса АҚШ билан иқтисодий ва геосиёсий рақобатга киришган.
Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий хитойлик ҳамкасби
Си Цзиньпинга айтганидек, “Эроннинг блокка аъзо бўлиши Америка
яккаҳокмиятчилигига қарши туришдир”. Шунга қарамай, Бразилия, Ҳиндистон ва
Жанубий Африка АҚШ билан илиқроқ муносабатларга эга, шунингдек, Саудия
Арабистони ва БАА унинг асосий хавфсизлик ҳамкорлари ҳисобланади.
Ғарб давлатлари бунга қандай муносабат билдирди?
Ғарб давлатлари гуруҳнинг ўсишига унчалик эътибор қаратмади.
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича,
Вашингтон БРИКСни геосиёсий рақиб сифатида кўрмайди. Бошқа сиёсий таҳлилчилар
ҳам БРИКС мамлакатларининг интилишлари бўрттириб кўрсатилаётгани, гуруҳ
аъзоларининг ички муаммолари унинг кучайиши ва самарали ҳамкорлигига салбий
таъсир қилишини таъкидлашмоқда.
Шунга қарамай, баъзи европалик сиёсатчилар Ғарбга қарши
кайфият тобора кескинлашиб бораётганидан огоҳлантирмоқда. Улар бу кенгайишни
Ғарбнинг кам даромадли мамлакатлар эҳтиёжларига бефарқ муносабатининг натижаси
деб билишади.
“Ғарбнинг Глобал Жануб эҳтиёжларига нисбатан манманлик билан
муносабатда бўлиши ҳақидаги айблов жиддий. БРИКСнинг манфаатлари глобал молия,
савдо ва бошқа стандартларни белгилаш тартибларини ўзгартиришга қаратилган
экан, бунга “қадриятларга асосланган ҳамкорлик” ва “қоидаларга асосланган” кўп
томонламаликни таклиф қилиш орқали жавоб бериб бўлмайди”, деб ёзади Германия
халқаро ва хавфсизлик масалалари институти етакчи илмий ходими Гюнтер Майхольд.
БРИКСни келажакда нима кутиб турибди?
Россия жорий йилда БРИКСга раислик қиляпти ва октябрь ойида
Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда “адолатли дунё тартибини” ўрнатиш ҳамда
маҳаллий валюталар ва тўлов тизимларига ўтишга эътибор қаратмоқчи. Россия
бошчилигидаги БРИКС учрашувини Кремль Украинадаги урушнинг учинчи йилида давом
эттираётган бир пайтда ўтказмоқда; таҳлилчилар Путин раисликдан Россия Ғарб
босими остида яккаланиб қолмаганини кўрсатиш учун фойдаланишини кутишмоқда.
Россиянинг блокни Ғарбга қарши йўналишда олиб боришга
интилишига қарамай, АҚШ билан яқинроқ алоқада бўлган Бразилия ва Ҳиндистон каби
аъзолар бунга қаршилик кўрсатиши мумкин. “Бу блокда ҳеч ким ўзини Ғарб ва Қўшма
Штатлар билан зиддиятга бориб, Россиянинг аҳволига тушмоқчи эмас”, дейди
БМТдаги собиқ россиялик дипломат Борис Бондарев “The Washington Post” нашрига.
2024 йилга мўлжалланган бошқа устувор йўналишлар қаторига янги аъзоларни қабул қилиш ва БРИКСга тўлақонли аъзо бўлишдан ташқари ҳамкор мамлакатларнинг янги тоифасини яратиш ҳам киради. Шу билан бирга, БРИКС аллақачон навбатдаги янги ўсишни ҳам режалаштирмоқда.