Эрон ўтган кеча Исроилдаги ҳарбий нишонларга юздан ортиқ ракета учирди. Бу ўтган ҳафта Байрутда Исроил томонидан амалга оширилган суиқасд ҳужумида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва Эрон Инқилобий гвардияси корпуси қўмондони Аббос Нилфорушан ўлдирилгани учун қасос эди.

Эрон ўз ракеталарининг 90 фоизи нишонга етиб борганини даъво қилмоқда. Бу рақамни тасдиқлаш ёки рад этиш имконсиз, чунки Исроил ҳарбийлари зарба жойлашуви ва зарар ҳақидаги маълумотларни яширмоқда. Бироқ ерда портлашлар ва ракеталар тушган жойлардаги кратерларни кўрсатувчи видеолар сиздирилди. Бу эса ракеталарнинг Исроилнинг "Темир гумбаз" деб аталадиган мудофаа тизими томонидан тўхтатилмаганини англатади.

Демак, Темир гумбаз, худди Исроил ҳақидаги бошқа нарсалар каби, қандайдир чўпчакка ўхшайди. Исроил ўз душманларига ҳам, фуқароларига ҳам етказишга уринаётган дахлсизлик аурасига путур етди. Дунёга Исроил мудофааси фақат Фаластин қаршилик кучлари жангчилари ишлатадиган оддий ракеталарнигина қайтара олиши маълум бўлди. Эрон, агар хоҳласа, Исроилга зарар етказиш қобилиятига эга эканлигини яққол кўрсатиб қўйди.

АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, АҚШ Эроннинг ўз зарбалари учун "оғир оқибатларга" дуч келишини таъминлаш учун Исроил билан ҳамкорлик қилади. Бу вазият жиддий тус олиши мумкинлигидан дарак беради.

Ғарб расмийлари Эроннинг ҳужумини "хавфли кескинлашув" деб қоралашмоқда. Бироқ улар Ғазодаги бир йиллик даҳшатли воқеалар, Ливанга бостириб кириш ёки Исроилнинг қўшни давлатлардаги доимий суиқасд зарбалари каби Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган кескинлашувлар ҳақида лом-мим дейишмаяпти.

Эрон ҳужуми ҳақида бемаъни ва қабул қилиб бўлмайдиган авж олиш деб гапирганидан сўнг, матбуот вакиллари Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллердан Исроилнинг сўнгги уч ҳафтадаги ҳаракатларини кескинлашув деб ҳисоблаш-ҳисобламаслигини сўради. Миллер кулгили тарзда Исроилнинг кескин ҳаракатларини тан олишдан бош тортиб, бунинг ўрнига Исроил терроризмга қарши курашиш учун "низони кенгайтириш чораларини кўрди," деди.

Исроил Ливанга бостириб киришни бошлаганидан бери оммавий ахборот воситаларида ҳам худди шундай ғалати сўз ўйинларини кўряпмиз. Улар «босқинчилик» сўзини ишлатмаслик учун сарлавҳаларида рейдлар, "қуруқлик ҳужуми," "қуруқлик операцияси" ва "Исроил Ливанга кирди" каби ибораларни қўллашмоқда. Айнан шу оммавий ахборот воситалари илгари Россиянинг Украинага бостириб киришини "махсус ҳарбий операция" деб аташини масхара қилган эди.

Ҳа, дўстлар: Эроннинг ҳужумлари "вазиятни кескинлаштирмоқда"; Исроилнинг ҳужумлари эса "низони кенгайтирмоқда". Ливаннинг ҳужумлари – «терроризм»; Исроилнинг ҳужумлари "ўзини ҳимоя қилиш". Россия «босқинчилик» қилди; Исроил "чекланган қуруқлик операцияси"ни бошлади. Ғазони вайрон қилиш – шунчаки "7 октябрь воқеаларига жавоб"; 7 октябрь воқеалари эса «сабабсиз» содир бўлган. Улар қилса ёмон, бизникалар қилса яхши.

Ғарб империяси бўйлаб икки юзламачилик авж олган, чунки ғарб империяси асли каби эмас. У ўзини тинчлик ва барқарорлик тарафдори қилиб кўрсатади, аслида эса уруш ва ҳукмронликни ёқлайди. У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгандек кўринади, аслида эса зулм ва зўравонликни қўллаб-қувватлайди. У ҳақиқат ва адолат учун курашаётгандек туюлади, аслида эса ёлғон ва тарғиботни илгари суради.

Биз мана шундай дистопия ичида туғилганмиз ва у бизни тобора жуда хавфли йўлга бошлаб бормоқда. Ўзингизни ундан эҳтиёт сақланг, азизлар.

Кетлин Жонстоун, таҳлилчи

Мавзуга алоқадор