Қирғизистон айрим давлатлар фуқаролари учун мамлакатда бўлиш қоидаларини ўзгартирмоқда
5 сентябрдан бошлаб Қирғизистонда хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш тартибига оид Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори кучга киради. Рақамли ривожланиш вазирлиги Қирғизистон билан визасиз режимга эга бўлган мамлакатлар фуқароларини рўйхатга олиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилганини эслатиб ўтди.
Бундай давлатлар рўйхатига қуйидагилар киради:
Россия;
Қозоғистон;
Тожикистон;
Арманистон;
Беларусия;
Грузия;
Озарбайжон;
Молдова.
Янги тартибга кўра, Қирғизистонда ишлаш, ўқиш ёки
тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда 60 календарь
кундан ортиқ бўлган ушбу давлат фуқаролари мақсадларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатда бўлиш ҳуқуқини тасдиқловчи
ҳужжат асосида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади.
Асосий ўзгаришлар:
Авваллари
юқоридаги мамлакатлар фуқароларига рўйхатдан ўтиш муддатини олти ойга
узайтириш имконияти тақдим этилган эди. Эндиликда шахсий мақсадларда узоқ муддатли қолиш фақат қуйидаги
ҳужжатлардан бири бўлган тақдирдагина мумкин (агар Қирғизистон иштирокчи бўлган
халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса):
Яшаш
гувоҳномаси;
Фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси;
«Кайрилман»
(тарихий ватанига қайтган
этник қирғизлар) сертификати;
«Мекен-карт» сертификати.
ЕОИИ мамлакатлари (Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Россия)
фуқаролари Қирғизистон ҳудудида қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирмасдан, кириш
кунидан бошлаб ҳар 180 кунлик муддат давомида жами 90 кунгача бўлишлари мумкин
бўлади. Тожикистон, Грузия, Озарбайжон ва Молдова фуқаролари ҳар 120 кунлик
муддат давомида жами 60 кун давомида Қирғизистонда рўйхатдан ўтмасдан қолиши
мумкин бўлади.
Белгиланган 60 ёки 90 кунлик бўлиш муддати тугагандан сўнг,
рўйхатдан ўтмаган фуқаролар мамлакатни тарк этишлари шарт. Қайта кириш фақат
мос равишда 60 ёки 90 календарь кундан кейин мумкин.
Қирғизистонга шахсий мақсадларда келган фуқаролар учун
вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиш мумкин. Ушбу ҳужжат ҳар йили янгилаш
имконияти билан бир йил муддатга берилади, лекин беш йилдан ортиқ эмас.
Вақтинчалик яшаш учун рухсатномани рўйхатдан ўтказиш 15 иш кунини олади.