24.10.2024 14:39

Шавкат Мирзиёев – “БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини фаол ривожлантириш ниятидамиз”

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияда бўлиб ўтган “БРИКС плюс” форматидаги саммитда нутқ сўзладиДавлат раҳбари бугунги кунда дунё жадал бўлиниб бораётгани, инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортаётганини тилга олди.

Унинг таъкидлашича, жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда.

“Бундай шароитда тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, суверенитетга ҳурмат ва ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлиш ҳуқуқи каби тамойилларга асосланиб ҳаракат қилаётган БРИКС ўзини кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён этмоқда”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўзаро алоқаларнинг бундай модели Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини сақлаган ҳолда жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонч билдирди.

У геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, жаҳондаги бошқарув институтларини ислоҳ қилиш ҳамда “Жануб – Жануб” ва “Шимол – Жануб” форматларидаги масъулиятли мулоқотларни кенгайтиришнинг вақти келди, деб ҳисоблашини таъкидлади.

БРИКС маконида халқаро терроризм билан боғлиқ хавф ва таҳдидларга қарши курашиш масалалари устувор йўналиш бўлиб қолиши, радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини тилга олди.

Ўзбекистон қуйидагиларни режалаштирмоқда:

- БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини фаол ривожлантириш

- устувор инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун БРИКСнинг янги Тараққиёт банки билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

инновация, рақамли иқтисодиёт, “яшил” тараққиёт ва энергетика, тўсиқларсиз электрон тижорат каби соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш;

- БРИКС сунъий интеллект бўйича Тадқиқот гуруҳининг соҳадаги эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш ва бошқарувнинг ягона стандартларини ишлаб чиқишга оид ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларида иштирок этиш;

- БРИКСнинг БМТнинг Саноатнинг ривожланиши бўйича ташкилоти (ЮНИДО) ҳузурида ташкил этилаётган Компетенциялар марказига, шунингдек, таклиф этилаётган Инвестиция платформасига қўшилиш;

- БРИКСдаги шериклар билан биргаликда транспорт соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш, янги трансконтинентал йўлакларни яратиш, етказиб беришнинг ишончли логистика занжирларини шакллантириш, каботаж ташувлар тизимини ривожлантириш борасида яқиндан иш олиб бориш;

- ташкилот доирасида ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва ҳоказо.

Шавкат Мирзиёевнинг Яқин Шарқдаги вазият бўйича муносабати:

- Яқин Шарқдаги тобора кескинлашиб бораётган можаро бизни ҳам ташвишга солмоқда. Бу минтақа қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда.

- Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди.

- Бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир. Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблаймиз.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.