18.09.2024 10:17

Ливанда минглаб кишилар пейжерлар портлашидан жароҳатланди, 9 киши ҳалок бўлди

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат бўйлаб “Ҳизбуллоҳ” аъзолари фойдаланган пейжерларнинг портлаши натижасида 9 киши, жумладан бир бола ҳаётдан кўз юмгани ва тахминан 2800 киши жароҳатлангани, улардан 200 га яқини оғир эканини маълум қилди.

500 киши кўзларидан жароҳат олгани туфайли кўр бўлиб қолгани айтилмоқда.

Ливан ушбу терактлар ортида Исроил турганини иддао қилди. Исроил томонидан эса бу борада ҳозирча ҳеч қандай баёнот берилмади. Бироқ Исроилнинг кўплаб қисмларида одамлар ушбу терактларни нишонлади.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган ва Ҳизбуллоҳ аъзолари томонидан қўлланилгани айтилаётган учта моделнинг номлари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унга кўра, кўриб чиқилаётган пейжер моделларидан иккитаси АҚШ, бири Тайван компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардир.

Қурилмалардан бири 1900 йилларнинг бошидан телефонлар ва бошқа алоқа қурилмалари ишлаб чиқарадиган АҚШнинг Motorola компаниясига тегишли.

Бироқ воқеа содир бўлган куннинг кечки пайтигача “Ҳизбуллоҳ” аъзоларида портлагани ёки зарар кўргани тасдиқланган ҳамда тўғридан-тўғри Motorola маркаси бўлган пейжерларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалмаган.

Motorola билан боғлиқ бўлган Teletrim бренди қурилмалари ҳам тилга олинган бўлса-да, унинг маҳсулотлари тасвирлари қурилмаларнинг бутун ҳолатда эканлигига эътибор қаратилди.

Ижтимоий тармоқларда баҳам кўрилган сўнгги қурилма Тайваннинг Apollo Gold компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Гонконгдаги Apollo Systems HK компанияси томонидан сотиладиган Gold Apollo Rugged Pager AR924 маҳсулотидир.

Хабарларда Apollo бренди пейжерларининг парчаланиб кетгани, аммо модели ҳақидаги маълумотларни ўқиш мумкин бўлган суратлари мавжуд.

Бошқа томондан, ушбу компаниялар мобил телефонлар ва интернетнинг кенг қўлланилиши ортидан узоқ вақт олдин ушбу қурилмаларни сотишни тўхтатган. Бу моделлар эса иккинчи қўл сотувга ўхшайди.

Кейинроқ Apollo Gold Ливанда портлаган пейжерларни ишлаб чиқармаганини эълон қилди ва BAC Consulting компаниясига ишора қилди.

Apollo Gold баёнотида «AR924» русумли пейжер ишлаб чиқаришда ҳеч қандай ваколатга эга эмасликлари билдирилди.

"Биз фақат савдо белгисига рухсат берамиз ва ушбу маҳсулотни лойиҳалаш ёки ишлаб чиқаришда иштирок этмаймиз", дейилади баёнотда. Компания ушбу қурилмаларни ишлаб чиқариш фақат бренд лицензиясидан фойдаланишга рухсат берилган BAC Consulting номли компанияга тегишли эканлиги таъкидланган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.