Прокурор Гаагского суда потребовал выдачи ордеров на арест лидеров ХАМАС и руководства Израиля
Гаагадаги Халқаро Жиноят Суди прокурори Карим Хон ҲАМАСнинг уч нафар етакчиси Яҳё Синвар, Муҳаммад Деиф ва Исмоил Ҳания, шунингдек, Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху ва Исроил мудофаа вазири Ёав Галантни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди.
Прокурор баёнотида айтилишича, ҲАМАСнинг уч етакчиси 2023 йил 7 октабрдан
бери Исроил ва Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга
қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилади. Синвар, Деиф ва Ҳанияга
қарши қўйилган айбловлар қаторида қирғин қилиш, қотиллик, гаровга олиш, зўрлаш
ва бошқа жинсий зўравонлик, қийноққа солиш ҳамда маҳбусларга қўпол муомала
қилиш ўрин олган.
Баёнотда айтилишича, ҲАМАСнинг уч нафар етакчиси ҳам 2023 йил 7 октябрда гуруҳ томонидан уюштирилган ҳужумларда юзлаб Исроил фуқароларининг ўлими ва камида 245 нафар асирнинг гаровга олиниши учун жавобгардир.
Карим Хоннинг қайд этишича, тергов доирасида у ва унинг жамоаси Исроилдаги ҳужумларнинг асосий жойларига ташриф буюрган, қурбонлар ва тирик қолганлар, жумладан, собиқ гаровга олинганлар ҳамда гувоҳлар билан суҳбатлашган. Бундан ташқари, видеокузатув камералари тасвирлари, аудио, фото ва видео материаллар, ҲАМАС аъзоларининг баёнотлари, эксперт хулосалари далил сифатида ишлатилган.
Нетаняху ва Галант, прокурорнинг баёнотида айтилишича, Ғазо секторида камида 2023 йил 8 октябрдан бери содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жиноий жавобгардир. Улар орасида очлик, қасддан катта азоб-уқубатлар келтириш, қотиллик, тинч аҳолига ҳужум қилиш, қирғин ва таъқиб қилиш киради.
Хоннинг таъкидлашича, тўпланган далиллар, жумладан, тирик қолганлар ва гувоҳлар билан суҳбатлар, видео, фото ва аудио материаллар, сунъий йўлдошдан олинган суратлар ҳамда Нетаняху ва Галантнинг ўзлари берган баёнотлар Исроил «Ғазонинг барча қисмларида тинч аҳолини атайлаб ва тизимли равишда инсон омон қолиши учун зарур объектлардан маҳрум қилаётганини» кўрсатмоқда.
«Исроил, барча давлатлар сингари, ўз аҳолисини ҳимоя қилиш учун чоралар кўриш ҳуқуқига эга. Бироқ, бу ҳуқуқ Исроил ёки бошқа давлатни халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш мажбуриятидан озод қилмайди. Ҳар қандай ҳарбий мақсадлардан қатъи назар, Исроил Ғазода ушбу мақсадларга эришиш учун танлаган воситалар, яъни қасддан ўлдириш, очарчилик, оғир азоб-уқубатлар ва тинч аҳолининг соғлиғига жиддий шикаст етказиш жиноят ҳисобланади», дейилади баёнотда.
Энди ХЖС судьялари гуруҳи Хоннинг ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳақидаги аризасини кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро хронологияси:
2023 йил 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 исроилликни ўлдирди ва 200 дан ортиқни гаровга олди.
Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш
эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва у ерга қўшин юборди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.