13.04.2024 08:20

Эрон ва АҚШ бир-бирини огоҳлантирди

Эрон бир қанча араб давлатлари орқали Жо Байден маъмуриятига АҚШ Исроил билан вазиятга аралашса, минтақадаги Америка базаларига ҳужум қилиниши ҳақидаги хабарни етказди. Бу ҳақда америкалик уч нафар аноним амалдорга таяниб, Axios нашри хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, эронликлар Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консулхонасига ҳужуми учун АҚШни жавобгар деб билишларини айтган.

"Бизга ҳужум қилган кучларга ҳужум қиламиз, шунинг учун бу ишга аралашманг ва биз ҳам [сизнинг ишингизга] аралашмаймиз", дейилган АҚШ маъмуриятига юборилган хабарда.

Шу билан бирга, Эрон бошқа каналлар орқали минтақада ҳарбий кескинликни кучайтирмайдиган қилиб чекланган жавоб чораларини кўриш тўғрисидаги "мувозанатлироқ" хабарларни ҳам етказмоқда, дея қайд этди икки манба.

АҚШ расмийлари эса Исроил ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳолатида эканига ишонтириш ҳамда кескинлик ёйилиб кетмаслиги учун минтақадаги ҳамкорлар ва Исроил билан доимий алоқада бўлиб турганини маълум қилди. Шунингдек, Америка ҳукумати Исроилдан Эронга қарши ҳар қандай жавоб чоралари ҳақида АҚШни олдиндан хабардор қилиш ва у билан маслаҳатлашишни сўраган.

АҚШ президенти Жо Байден журналистлар саволига жавоб берар экан, Эронни Исроилга ҳужум қилмасликка чақирди. У Исроилни ҳимоя қилишга ваъда бериб, Теҳрон куч ишлатишга қарор қилса, муваффақиятга эриша олмаслигини айтди.

Аввалроқ Ливандаги Эронга яқин Ҳизбуллоҳ ҳаракати Исроил ҳудудига ракета зарбаларини берди – барча ракеталар уриб туширилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.