15.02.2025 17:51

Хитойликлар Тошкентда "юриш" қилди. Пойтахт бедарвозами?

15 февраль тонгида хитойликлар ҳеч кимдан сўрамай Тошкентнинг қоқ марказида, бўлиб ҳам биз учун рамзий маънога эга бўлган Миллий боғда "Биз кучлимиз!" деб бақириб юришибди. Жамоат жойида бир гуруҳ чет элликлар байроқ кўтариб, митинг қилиб юришса-ю, бундан ҳудудни қўриқлаши керак бўлган Миллий гвардиянинг ҳам, ИИББ ва шаҳар ҳокимлигининг ҳам хабари бўлмаса...

Ҳар ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Миллий гвардия ходимлари журналистларга ушбу оммавий тадбирдан хабари йўқлигини билдирган.

"Хитойликлар "Биз кучлимиз!" деяпти. Хитой студентлари ҳар йили баҳор ва ёзда қанақадир шиорларини айтиб юриш қиларкан, бу ҳам шу тадбир бўлса керак", деган ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz'га берган изоҳида.

Нашрга Миллий боғ ҳудудида кун-у тун кирган ва чиққанларни текшириб ўтирадиган Миллий гвардия ходимлари ҳам ушбу оммавий тадбирдан бехабар эканини маълум қилган. Шунча одам йиғилганини хавфсизлик ходимлари билишмаса, унда у ерда нима қилиб юрибди, дерсиз. 

Ушбу ҳодиса ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганидан кейингина Тошкент шаҳар ИИББ ҳодисани ўрганиб, тегишли чора кўриш ўрнига ушбу "юриш"ни оқлаб баёнот берди. Гўёки, "Huawei" компаниясининг ишчилари доимгидек шанба ва якшанба кунлари югуриш акциясини ўтказаётганмиш! Бу билан ҳам чекланмай, ИИББ юртимиздаги идора-ташкилотларни улардан ўрнак олишга чақирган. Аммо тарқалган лавҳалардан кўриниб турганидек, Миллий боғда содир бўлган ҳодиса югуриш акцияси эмас, айнан митинг, намойиш характерига эгадир.

Маълумот учун, Ўзбекистон республикасининг "Митинглар, йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги" қонунида "Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун мажбурий тартибда рухсат олиш лозим. Ариза жойлардаги ижро ҳокимияти органига ёзма ёки электрон шаклда ижтимоий фаоллик ўтказилишигача 30 иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар фақатгина ижро ҳокимияти органи томонидан ажратилган махсус жойларда ўтказилади.

Митинг, йиғилиш ва намойишларда фақатгина 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок эта олади".

Демак, бу ишда совуққонликка йўл қўйган "бехабарлар" шубҳасиз жазоланиши керак. Зеро, қонун барчага баробар, ҳатто хорижлик шахс учун ҳам, мамлакатимиз сарҳадлари ичида ушбу қонунларга бўйсунишга мажбур!

Кўрамиз, журналист, блогерлар ва оддий халққа кучини кўрсатадиган тегишли органлар уларни жазолай олармикан!

Сўзимиз сўнггида мутасаддилардан қуйидаги саволларимизга тўғри жавоб кутамиз:

Хўш, хитойликлар митингидан кўзланган мақсад нима эди?

Байроқлардаги ёзувлар нимани англатади?

Хитой бундай тадбирларни ўтказиши одатийми?

Бизнинг разведка хизматимиз нега олдини ололмади?

Нега мутасаддилар бу ҳолатга кўз юмишмоқда?

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.