19.12.2024 14:05
Канадада мусулмонларга қарши нафрат жиноятлари 13 бараварга ошди
Канада Адлия ва Инсон ҳуқуқлари доимий қўмитаси томонидан чоп этилган “Исломофобия кучаймоқда: нафратга қарши туриш ва фуқаролик эркинликларини биргаликда ҳимоя қилиш” номли ҳисоботда 2023 йил 7 октябрдан кейин мамлакатда мусулмонларга қарши кайфият (Исломофобия) ва фаластинликларга қарши нафрат воқеалари муҳокама қилинди.
Ҳисоботга кўра, 2023 йил 7 октябрда Исроил Ғазога ҳужумларини бошлаганидан сўнг 2023 йил сўнгги чорагида фаластинликларга қарши исломофобия ва нафрат жиноятлари 13 баробарга ошган. Хусусан, 2023 йил 7 октябрдан 2024 йил мартига қадар 1000 зиёд нафрат жиноятлари қайд этилган.
Хабардор қилинган ҳолатларга таъқиб, вандализм, туҳмат, шахсий маълумотларни ошкор қилиш, қўрқитиш ва зўравонлик каби жиноятлар киради.
Мамлакатда 2023 йил 7 октябрдан буён фаластинликларга нисбатан исломофобия ва ирқчиликнинг хавотирли кучайиши кузатилмоқда.
Айрим ҳолатлар университет кампусларида содир бўлар экан, Фаластин тарафдори талабалар оғзаки ва жисмоний ҳужумларга учраган.
Қўмита нафрат жиноятларига қарши шуғулланувчи бўлинмаларни кучайтириш, мамлакатдаги масжидларга ажратиладиган хавфсизлик маблағларини ошириш ва нафрат ҳодисаларига тезкорлик билан жавоб бериш кераклигини таъкидлади.
Бошқа томондан, Қўмита ижтимоий медиа компаниялари онлайн нафратга қарши курашиш бўйича шаффофлик мажбуриятларини бажаришларини таъминлаш учун уларга нисбатан қаттиқроқ қоидаларни тавсия қилди.